Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Талаба 9 миллион евролик олтин хазинасини топди

Талаба 9 миллион евролик олтин хазинасини топди

Фото: Дендермонде полицияси

Белгиялик 18 ёшли Кобе исмли талаба ёзги таътил пайтида қурилишда ишлаётиб, олтин хазинасини топиб олди. Олтинлар қиймати тахминан 9 миллион еврога тенг.

Хазина Брюсселдан 30 километр олисдаги Дендермонде шаҳридаги собиқ пиво заводининг ертўласида, девор ичига яширилган эди. Топилмага дуч келган йигит шу заҳоти полицияга хабар берган.

Кобе канализация қувурлари учун хандақ қазиётиб, девор орасига яширилган қопга дуч келди. Бу хазинадан нафақат олтин қуймалари, балки тилла тангалар ва табиий олтин бўлаклари ҳам чиқди. Қуймаларнинг бир қисмида 1957, 1960 ва 1961 йиллар муҳри сақланиб қолган.

Яширин жой 19-аср аср охирида пиво заводи эгаси Теофилус Ван Асше қурдирган ҳашаматли уй деворида бўлган. 1899 йилдан 1970 йилгача бу ерда завод ҳам ишлаган. Муҳофазага олинган объектлар рўйхатига киритилган ушбу бино қайта таъмирланиб, офис ва тураржойларга айлантирилмоқда.

Дендермонде шаҳрининг собиқ мэри, тарихчи Пит Бёйсенинг фикрича, олтинларни пиво заводи эгасининг оиласи яширган бўлиши мумкин. Чунки 20-аср ўрталарида бадавлат кишилар иқтисодий инқироздан қўрқиб, жамғармаларининг бир қисмини олтинга айлантиришган ва уйда сақлашган.

Полиция хазинанинг кимга тегишли эканини ва унинг жиноят оламига алоқаси бор-йўқлигини аниқламоқда. Ван Асшенинг авлодлари беш йил давомида ушбу бойликларга эгалик ҳуқуқини даъво қилишлари мумкин. Шунингдек, бинони қайта таъмирлаётган буюртмачи ва пудратчи ташкилот ҳам хазинанинг бир қисмидан умидвор.

Тергов якунлангунга қадар олтинлар Брюсселдаги федерал қўриқхонада сақланади. Хазинани топиб олган Кобе ҳам ўз ҳалоллиги учун муносиб мукофот пули олишдан умид қилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг