Тошкентда 300 талаба ётоқхонадан чиқариб юборилди: тафсилотлар
Тармоқда Тошкент давлат техника университетида вилоятдан келиб таҳсил олаётган 300 нафар талаба ётоқхона учун пул тўлаганига қарамай, бир кун ичида бинодан чиқариб юборилгани хабар берилди.
Тугатилаётган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига кўра, давлат-хусусий шериклик асосида қурилган ётоқхонанинг кадастр ҳужжати ва фойдаланиш учун зарур рухсатлари мавжуд эмас.
Мазкур объектнинг кадастр ҳужжатлари ҳали расмийлаштирилмаган ҳамда ундан фойдаланиш учун зарур тегишли рухсатлар олинмаган. Шу сабабли объектга талабаларни расмий тартибда жойлаштириш имкони мавжуд эмас.
Амалдаги тартибга кўра, талабалар турар жойига жойлашиш учун талаба Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали ариза топширади ҳамда белгиланган тартибда йўлланма олганидан сўнг турар жойга жойлаштирилади.
Бироқ тадбиркор томонидан мазкур объектда айрим талабалар белгиланган тартибга риоя этилмаган ҳолда, тегишли йўлланмасиз жойлаштирилгани аниқланди. Шунингдек, Тошкент давлат техника университетига тегишли бўлмаган бошқа олий таълим ташкилотлари талабаларининг ҳам ушбу объектга жойлаштирилган ҳолатлари кузатилган.
Мазкур ҳолат аниқлангач, талабаларнинг хавфсизлиги ва улар учун зарур шароитларни таъминлаш мақсадида барча талабалар объектдан чиқарилиб, Тошкент давлат техника университетининг мавжуд бўш талабалар турар жойларига вақтинча жойлаштирилди. Бошқа олий таълим ташкилотлари талабалари эса тегишли масъуллар орқали ўз таълим ташкилотларига қайтарилди.
Хорижий талабаларни ҳам тегишли рухсат ҳужжатларисиз, фойдаланишга расман топширилмаган объектда жойлаштиришга йўл қўйилмайди. Шу боис улар ҳам хавфсизлик чоралари доирасида мазкур объектдан чиқарилди.
Айни пайтда талабалар турар жойининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва ундан фойдаланиш учун зарур рухсатларни олиш бўйича ишлар давом этмоқда. Шунингдек, объектда иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳали тўлиқ ишга туширилмаган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур объектнинг расмий очилиш маросими ҳам ҳали ўтказилмаган. Қурилиш ишлари белгиланган муддатда тўлиқ якунланмагани сабабли август ойида ҳудудларда ўтказилган очилиш тадбирлари доирасида ушбу объектдан фойдаланиш бошланмаган, дейилади хабарда.
Барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли рухсатлар олингач, объект белгиланган тартибда фойдаланишга топширилади ва талабаларни жойлаштириш амалдаги тартиб асосида амалга оширилади.
Шу билан бирга, мазкур объектга аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан тўлиқ, яъни 100 фоиз миқдорида қайтариб берилди.
Таъкидлаш жоизки, талабаларнинг мазкур объектга белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда тадбиркор томонидан жойлаштирилгани ҳақида университет ҳам, вазирлик ҳам олдиндан хабардор бўлмаган. Ҳолат аниқланганидан сўнг талабаларнинг хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида тегишли чоралар кўрилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter