Андижон. Ҳоким судга келмади
Аввал маълум қилганимиздек, Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов «Андижоннома» ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятига нисбатан «Мақолани қонун талабларига зид деб топиш ва раддия чоп этиш мажбуриятини юклаш тўғрисида»ги даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига мурожаат этган ҳамда дастлабки суд мажлиси 29 майга белгиланган эди.
Суд мажлисида ҳозир бўлган «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбирининг хабар беришича, жавобгар томон ҳамда жараённи ёритиш мақсадида етиб келган қатор марказий нашрлар ходимлари даъвогар, яъни ҳокимни бир соатдан ортиқ кутишган.
Бироқ туман маъмурияти раҳбари ҳам, унинг ишончли вакили ҳам ҳеч бир сабабсиз суд мажлисига келмаган. Шу сабаб суд раиси М.Аҳмадалиева суд мажлисини 14 июнга қолдиришга мажбур бўлди. Агар даъворгар яна судга келмаса... майли, чуқурлашмайлик, бу келажак иши.
Эслатиб ўтамиз, шу йил 2 март куни «Андижоннома» газетасида Улуғбек Исомиддиновнинг раҳбарлик фаолияти ҳақида таниқли журналист Қобилжон Асқаровнинг «Ўзи хон, кўланкаси майдонми?» сарлавҳали танқидий мақоласи чоп этилганди. Яхшигина шов-шувларга сабаб бўлган мақолада кейинги йилларда туман ташкилотларида бўй кўрсатаётган кадрлар қўнимсизлиги жуда кўп соҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатаётганлиги, унумдор ер майдонларидан бошқа мақсадда фойдаланиш ҳолатлари, фуқаролар мурожаатига эътиборсизлик, таълим тизимидаги қолоқликлар хусусида жиддий иддаолар илгари сурилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter