Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

13 ёшли қизни чўлда тўрт киши зўрлади, «асосий педофил ҳамон очиқда...»

13 ёшли қизни чўлда тўрт киши зўрлади, «асосий педофил ҳамон очиқда...»

«Xabar.uz» га мурожаат қилган қоракўллик 13 ёшли қиз М.Б. ўзининг аччиқ қисмати учун жавобгар бўлиши керак бўлган янгаси Ш.Қ. ва уни биринчи бор зўрлаган Н. исмли шахс ҳам жавобгарликка тортилиши кераклигини билдирмоқда. «Асосий педофил ҳамон очиқда...» — дейди қизнинг акаси Ш.С.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг билдиришича, ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш), 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш, ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якуни бўйича қонунда белгиланган тартибда айбдорларга нисбатан жазо чоралари қўлланилади.

«2009 йилнинг 28 октябрида туғилганман. Отам билан бирга яшамаганмиз. Икки акам бор. 2021 йилнинг 20 май куни онам 52 ёшида вафот этди. Шундан сўнг тақдиримда ҳақиқий етимлик қисмати ўз ўйинини кўрсата бошлади. Онамнинг васияти билан мен катта акам Ш. билан бирга яшашим керак эди. Бироқ унинг Россия Федерациясига ишга кетгани боис, бошқа қаровчим йўқлиги сабабли мени кичик акам Б. ўз васийлигига  олди. Кичик акам ҳар куни ишда. Эрта кетиб, кеч қайтарди. Мен эса янгам Ш.Қ. билан Қоракўл туманидаги ижтимоий ётоқхоналардан бирида яшардим. Янгам менга доимий тазйиқлар ўтказиб келарди. Урарди, сўкарди. Ҳатто, бармоғимни ҳам уриб, синдирган. Мактабга боришимга ҳам рухсат бермас, кўп озорлар етказарди. Акамга ҳам мени ёмонлар, акам ҳам янгамнинг гапига кириб, мени уриб, сўкарди. Орадан бир-икки ой ўтгач, катта акам Ш. Россиядан қайтди. Акамга мени олиб кетинглар, деб йиғладим. Ўз розилигим билан васийликни катта акамга олиб беришди. Бундан катта акам ҳам, мен ҳам хурсанд эдик. Ш. акам ва унинг хотини менга меҳрибон эди. Улар билан 9 ой яшадим. Айни шу орада икки акам ўртасида менинг устимда ўзаро келишмовчилик бошланди. Кичик акам тезфеъл, ўзи Россияда бир бора қамалган. У бир қарашда одамни ўлдиришдан ҳам қайтмайдигандек туюлаверади менга. Шу боис, қўрққанимдан яна кичик акам билан яшашимни билдирдим. Катта акам ҳайрон қолди, ҳатто мендан ранжиди ҳам. Аммо, шундай қилмасам, кичик акам катта акамга жабр етказиши мумкин эди. Чунки, биргина менга отам алимент тўларди. Бундан кичик янгам манфаатдор эди. Айнан шундан сўнг етти ухлаб, тушимга кирмаган қора кунлар бошланди қисматимда... » — сўзлайди М.

М.нинг сўзига кўра, у иккинчи бор кичик акасининг васийлигига ўтган. Б.нинг ҳар куни ишда, ўзидан ортмаслиги унинг хотинига қўл келган. М.нинг акаси Ш.нинг сўзига кўра, 2022 йилнинг 6 сентябрь куни 13 ёшли қизни алдаб олиб чиққан ва унинг номусининг топталишига сабаб бўлган.

«Шу куни ўзимиз яшаб келаётган ижтимоий ётоқхонада кир юваётган эдим. Соат тахминан 18:00 лар атрофи. Янгам «зудлик билан бир ёққа бориб келишимиз керак»лигини айтди. «Хўп» деб чиқдим. Бизни йўлбошида нотаниш машина кутиб турарди. Янгам билан машинага ўтирдик. Қоракўл тумани марказига етганда, машина тўхтаб, янгам тушди. Изидан мен ҳам тушаётганимда, янгам қўққисдан юзимга тарсаки тушириб, мени тушмаслигимни, шу одам қаерга олиб кетса, кўниб ўтиришимни айтди. Қўрқиб, ҳали ўзимни ўнглаб олмаган эдим, машинаси эшикларини қулфлаган ҳалиги нотаниш йигит ҳам мени зарб билан уриб, «нафасимни чиқармаслик»ка чақирди. Бошим айланиб, ҳуш-беҳуш бўлаёздим. Кўп ўтмай, туман марказида эди адашмасам, «Бухара экспресс» дея номланган меҳмонхона олдига келиб, машинасини тўхтатди. Ва мени зўрлик билан судраб туширди. Қаршилик кўрсата бошладим. Меҳмонхонанинг бир-икки ходимлари кўриб туришган бўлишса ҳам эътибор қилишмади. У одам мени меҳмонхонанинг хоналаридан бирига олиб кирди. Саволларим жавобсиз қолди. «Тегманг, ака!» деб ялиниб-ёлворишларимга парво ҳам қилмади...» — ёш суҳбатдош йиғлаб юборди.

Унинг айтишича, Н. исмли 29 ёшли йигит 13 ёшли қизнинг қаршилигига қарамай, унга нисбатан куч ишлатган, урган, тепган ва ҳушидан кеттириб, жинсий зўравонлик қилган.

«Орадан қанча вақт ўтди, билмадим, оғир ва ўта қийин аҳволда ҳушимга келдим. Йиғладим, сиқтадим, уни айтиб беришимни, қилмиши жазосиз қолмаслигини айтдим. У эса: «Ғинг» этсанг, ўзингга жабр. Аммо, менга, барибир, қўлингдан келганини қил. Орқамда одамим бор, ҳеч биринг ҳеч нима қилолмайсанлар. Янганг сани мандан олган қарзи эвазига алмаштирди», — деди.

Ҳаётим бир буюм сингари пулланганидан йиғлаб юбордим.  Ҳалиги одам мени янгамни қаердан тушириб қолдирган бўлса, ўша ерга «улоқтириб» кетди. Янгам кутиб турган экан. У билан йиғлаб-йиғлаб жанжаллашдим. Билсам, янгам мени ҳалиги кишига «қизнинг қаршилигига умуман қарама, унинг номуси ёшлигида топталган, керак бўлса, уриб, тепиб ҳам унга эриш» — дея менинг номусим ҳақида унга бўҳтон сўзлар айтиб, ёлғон гапирган экан. Янгам буни ўзи тан олди ва воқеани бирор кишига айтиб берсам, 4-5 йил «ўтириб чиқиб» барибир, мени ўлдириб юборишини, ўзимни шарманда қилишини айтиб, қўрқитди» — деди М.

М.нинг сўзига кўра, Ш.Қ. унга «Сендан ким сўраса, «Мени қўшним О. опанинг ўғли Ф. номусимга тегди, деб айтасан. Шунда улар сени тўй қилиб олишади», — деди. Мен эса бунга қаршилик қилдим. Аммо, янгам воқеадан бир неча кун ўтгач, Ф.га нисбатан ёлғон туҳмат тарқата бошлади. Ф. ҳам отасиз, етимликда ўсган. Янгам қўни-қўшнилару, синфдошларим олдида бошимни эгса ҳам яна бир етим болага йўқ жойдан туҳмат қилишига йўл қўймадим. Чунки менинг илк зўравонликка учраганим Н. деган йигитнинг ҳатти-ҳаракати мени бир неча кундаёқ, чамамда, ўн ёшга улғайтирган эди.  О.опа мендан: «Қизим, агар ўғлим сени юзқаро қилган бўлса айт, жазосини олади» — деди. Мен шунда Ф. мен билан ҳеч қандай муносабатда бўлмаганини, мени Н. исмли ёши катта эркак зўрлаганини, янгам туҳмат қилаётганини сўзлаб бердим. Янгам эса «режаларимни барбод қилдинг» деб мени роса калтаклади.

Шундан сўнг 2022 йилнинг 6 октябрида кичик акам ва янгам мени ўзим таҳсил олиб турган тумандаги мактабдан чиқариб олди. Тошкентга кўчиб кетишимизни ва пойтахтдаги мактаблардан бирида ўқишимни давом эттиришимни айтиб, мени шунга кўндирди...» — деди суҳбатдош.

Аниқлик киритилишича, М. 2021 йилнинг сентябрь ойида тумандаги 9-умумий ўрта таълим мактабидан 1-умумий ўрта таълим мактабига қабул қилинган. Ва шу билан акаси ва янгаси унинг мактабда таҳсил олиши учун турли баҳоналарни рўкач қилиб, қаршилик кўрсатиб келишган.

«М.нинг оиласи нотўлиқ оила. Ўзлаштириши қониқарли бўлса-да, дарсларга мунтазам келмай қўйганди. Унинг сабабини аниқлаш учун туман ички ишлар бўлимига ҳамда туман ҳокимлигига хат билан чиқилди ва шундан сўнг унинг дарсларга қатнови мактаб маъмурияти томонидан қаттиқ назоратга олинди. Бироқ М. жуда фаол, саранжом-саришта, киришимли, ростгўй, ўз ҳаракатлари ва айтадиган гапларини назорат қила оладиган, энг муҳими, ўз эмоцияларини бошқара оладиган қиз эди. Афсуски, қисмати бир аёлнинг найранглари билан ғафлатда қолгани ҳақида эшитдик»,—дейди 1-умумий ўрта  таълим мактаби директори.

М.нинг катта акаси Ш.нинг сўзига кўра, укаси ва келини синглиси М.ни 9 октябрь куни пойтахтга олиб кетишган. Бир муддат улар Тошкентда яшашган.

«Тошкентда синглимни нима кўйга солишган, билмайман. Синглим бу ҳақда «чурқ» этмайди. Ўзим ҳам сўрашга истиҳола қиламан. Укам ҳам, у билан ноқонуний яшаб келаётган келиним ҳам синглимни бизга кўрсатишга, биз билан гаплашишга қаршилик қилишар, турли бўлмағур сўзлар айтиб, ҳақоратлаб ташлашарди. Ўз укамга жуда кўп бор, «агар сени синглим эмас, унга давлат томонидан тўланаётган нафақа қизиқтираётган бўлса, майли, нафақани ол, фақат синглимни ўзимга қайтар» деб роса ҳаракат қилдим. Йўқ. Кўнишмади. Шундай асабий кунларимнинг бирида ижтимоий ётоқхонада яшовчи таниш аёллардан бири мени оғир-вазмин бўлишга ва бир ҳақиқатдан тутаб кетмасликка чақирди. Аёл синглимнинг укамнинг хотини томонидан бегона эркакларга пулланаётгани, унинг жони азобда қолаётгани ҳақида гапириб берди. Дунёйи жаҳоним куйди. Зудлик билан синглим ўқийдиган мактабга бориб, ички ишлар органларига мурожаат қилдим ва ҳолат бўйича тезкор экспертиза тайинланиши лозимлигини илтимос қилдим... Афсуски, аёлнинг огоҳлантируви ҳақиқат бўлиб чиқди»,— кўз ёш тўкди ака.

М.нинг айтишича, илк бор номуси топталгандан сўнг, кичик янгаси акасидан яширинча қизни «ўлдириб юбориш» важи билан қўрқитиб, уни тез-тез бегона эркакларга пуллай бошлаган.

«27 февраль куни, кечки тахминан 23:00лар. Ҳаво совуқ. Шунга қарамасдан, янгам туман марказидаги кечки арзон бозор – «Муҳташам» га бориб,  бозор-ўчар қилиб келишимиз кераклигини айтди. Ўзи туни билан иситмалаб, ич-этим оғриб чиққан. Йўқ, десам, янгам уриб, сўкади. Ҳаво совуқ. Истар-истамас янгамга эргашдим. Биз ўтирган машинада икки нафар бегона одам ҳам бор эди. Уларни ҳам ўзимиз сингари йўловчилар, деб ўйлаган эдим. Бозорга етиб келганда, янгам машинадан тушди ва яна мен унга эргашиб тушмоқчи эдим, мени машина ичига дуртиб итариб юборди-да «сен шулар билан кетасан!» — деди. Ҳали ўзимни эплаб олмаган эдим, яна икки йигит машинага ёпирилиб кирди. «Қаршилигига қараманглар, гапига қулоқ солманглар, ўлдириб ташлаб юборсангизлар ҳам розиман» — деди янгам беўхшов кулиб. Тўртта девдай йигитлар ялиниб-ёлворишларимга қулоқ солишмай, машинани елдай учириб кетишди. Уларга соғлигим ёмонлашаётганини, раҳм қилишларини, янгам бошимга кўп кулфатлар солаётганини, ҳатто, эртага қизлари шу кўйга тушиши мумкинлигини йиғлаб, ер тепиниб сўрадим. Йўқ, раҳм қилишмади. «Овозингни ўчирмасанг,  сени Олот чўлларига ўлдириб кетамиз» — дея пўписа қилишди. Янгамнинг 300 доллар қарзи эвазига мен «товон» эканимни бебурдларча сўзлашди»,— деди ёш суҳбатдош йиғлаб.

Йигитлар шафқат қилишмаган. Совуқ изиллаб турганига қарамай, қизни чўлдаги кулбалардан бирига мажбурлаб, судраб олиб киришган. Қаршилик кўрсатганида уришган, ич-этларига тепишган. Ҳайдовчидан ташқари, уч нафар эркак 13 ёшли қизни навбатма-навбат зўрлашган.

«Ҳаммаёғим қонталаш, баданларим кўкарган кўйи мени саҳарга яқин ижтимоий ётоқхонага келтириб ташлашди. Янгамнинг эшигини тақиллатдим. Очмади. Шу топда онажоним бағрини, эркалаб овутишини жуда-жуда соғиниб кетдим. Ўксиб-ўксиб йиғладим. Етим бошим нималарни кўрмади, онасизлик бунчалар оғир... Тирикманми-ўликманми, билмасдим. Ҳуш-беҳуш қўшни холанинг эшигини қоқдим. Қўшни хола эшигини очди. Узала йиқилдим. Бор ҳаётимни, хазон бўлаётганимни сўзлаб бердим. Қўшни хола менга қўшилишиб йиғлади... Ҳаётимни осонгина куйдиришди. Ўйинқароқ ёшимда қўлимдан болалигимни, «келинсалом»  қўғирчоғимни тортиб олишди...» — эрта улғайган қизнинг сўзлари юракларни тилмай қўймади.

Қиз катта акамга айтиб берсам, у жаҳл устида кичик акамнинг хотинини ўлдириб қўйса, кейин кимга суянаман, дея қўрқиб, воқеалар ҳақида ҳеч кимга айта олмаган. Ички ишлар органларининг тезкор саъй-ҳаракати билан 13 ёшли қизга нисбатан зўравонлик содир этилгани очиқлангач, қиз катта акаси васийлигига ўтказилган.

Қоракўл туман ҳокими Хуршид Тоҳировнинг 99-2-37-Q/23-сонли қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 174-моддаси, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунининг 10-моддаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-, 25-моддалари, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 22 сентябрдаги 269-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги низомнинг 9-,63-бандларига ҳамда вояга етмаган М.Б.нинг васийси Б.Ҳ.нинг васийлик талабларини бажармаганлиги сабабли туман ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шўъбасининг 2023 йилнинг 11 апрелдаги 34-сонли хулосасига асосан, М.Б.га унинг катта акаси Ш.С. васий этиб белгиланган.

«Ҳаётимга қўрқинчли соя солган чўл воқеасининг эртасига катта акам хабар топибди. Аввалига қўрқиб кетдим. Йўқ, Ш. акам менга худди отамдек муомала қилди. Мен айбдор эмаслигимни, болалигимдан, ғўрлигимдан фойдаланишганини, ҳаммаси яхши бўлишини, ҳали улғайиб, бахтли бўлишимни айтди. Опажон, илтимос, мени энди кичик акамнинг васийлигига беришмасин. Худди кераксиз буюмдек ўртада сарсон бўлдим. Кичик акамдан ҳам, янгамдан ҳам қўрқаман...» — дейди ёш суҳбатдош жовдираб.

«Ташаббус» МФЙ раиси Бобоқул Султоновнинг сўзига кўра, М. асли туманнинг «Тинчлик» маҳалласида туғилган. Онасининг қўлида тарбия топган. Она бир ота бошқа ака-укалар ўртасида она вафотидан сўнг сингилни васийликка олиш сабабли ўзаро келишмовчилик бўлиб турган. Маълум бўлишича, уй-жойи йўқлиги учун Ш.С. «Ташаббус» маҳалласидан уйланган ва ҳозирда ичкуёв бўлиб яшайди. Укаси Б.Ҳ. эса ижтимоий ётоқхонада вақтинча яшаб келмоқда.

«Қизнинг васийлик масаласини ҳал қилиш юзасидан анча муросалар келиб чиққач, маҳаллада йиғилиш ўтказилган ва қиз бевосита укага васийликка қолдирилган. Афсуски, бир енгил табиатли аёлнинг найранглари билан ҳали вояга етмаган 13 ёшли қиз бир гуруҳ олотлик йигитлар томонидан қишнинг совуғида, устига-устак узоқ чўл ҳудудида зўравонликка учраган. Россия Федерациясидан ишдан қайтган Ш. эса синглисининг бундай қисматга учраганини эшитиб, айбдорларга нисбатан қонуний чора кўриш даъвоси билан чиққан. Ш. одобли, оғир, босиқ, маҳалламизнинг намунали йигитларидан.  Укаси Б. эса унинг тескариси. Ўта бевош йигит. Воқеани эшитиб, ўз қизимни унинг ўрнига қўйиб, хўрлигим келиб, йиғлаб юбордим. Б.нинг хотини ҳам нафратга, ҳар қандай жазога муносиб», — дейди Бобоқул Султонов.

Ш.С. билан суҳбатимиз чоғида деразадан М.ни кузатар эканмиз, унинг жиянлари билан ланка тепишиб, «бештош» ўйнаб, ҳовлида  чопқиллашиб юрганига кўзимиз тушди: бир қарашда зўравонликлардан эрта улғайган қизалоқни болаликнинг ғўр, ўйинқароқ дамлари ҳали тарк этмаганига гувоҳ бўласиз. Чунки у ҳали гўдак. У ҳали вояга етмаган. Билиб туриб, вояга етмаган қиз уволига қолганлар қонун олдида жавобгардирлар.

«Ҳолат юзасидан юзасидан Бухоро вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш), 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу моддага кўра, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш, ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Айни пайтда, 13 ёшли қизни чўлга олиб чиқиб, унга зўравонлик қилганликда гумонланган уч шахс ҳамда ҳайдовчи ушланган ва қамоққа сақланмоқда. Яна бу ишга даҳлдорлар бор-йўқлиги тажрибали терговчи томонидан аниқланмоқда. Барча жараёнлар қонун доирасида, ҳаққоний олиб борилади. Тергов якуни бўйича қонунда белгиланган тартибда айбдорларга нисбатан жазо чоралари қўлланилади»,— деди Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.

«Ҳа, айбдорлар ушланяпти. Қонун посбонлари томонидан олиб борилаётган ишлардан миннатдорман. Ҳар бир ҳолат тўлиқ ва шаффоф аниқланяпти. Улардан синглимнинг ҳаётини ўйинчоққа айлантирган ва уни ўз манфаати йўлида пуллаган келиним Ш.Қ.га ҳамда илк бор унинг номусини топтаган асосий педофил Н.га нисбатан ҳам иш қўзғатилишини сўрайман», — дейди Ш.С.

Қоракўл тумани ҳокими ўринбосари Саломат Комилова «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда бу оиладан тез-тез хабар олиб туришганини билдирган.

«Ҳар икки оила билан ҳам суҳбатлашганман. М.нинг катта акаси ва янгаси У.жудаям ибратли оила. Кичик акаси Б. ҳам ёмон йигит эмас, синглисининг тарбиясини ўз бўйнига олишини айтган эди. Бир неча бор улар яшаётган ижтимоий ётоқхонага бориб, хабар олганмиз, бирор марта муаммолари ҳақида гапирмаган. М. ақлли, эсли-ҳушли қиз эди. Унинг юриш-туришида умуман, енгилтаклик кузатилмаган. Аммо, қиз билан суҳбатлашганимизда, у янгаси Ш.Қ.нинг ҳатти-ҳаракатлари туфайли шундай кўйга тушганини билдирди. Ҳозир билишимизча, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилаяпти. Албатта, жиноятга даҳлдор барча шахслар қилмишига яраша жазосини олиши керак»,— деди Саломат Комилова.

«Эски қалъа» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Наби Рўзиев эса ҳолатга эътиборсиз, панжа ортидан қараб келган. Бошқа маҳалла фуқаролари саналган М.нинг кичик акаси ва янгаси вақтинча шу ҳудуддаги ижтимоий ётоқхонада вақтинча яшаб келаётгани боис, улар ҳолидан хабар олишни шарт, деб билмаган.

«Воқеа ҳақида эшитганман. Аммо уларнинг оиласига бу масала бўйича борганим ҳам, ҳолатни ўрганганим ҳам йўқ!» — дейди маҳалла раиси.

«Ахир ҳолат вақтинча бўлса ҳам сизнинг ҳудудда истиқомат қилиб келаётган фуқаро томонидан юзага келтирилгани айтилмоқда» —деймиз.

«Тўғри, аммо мен уни танимайман ҳам, ҳали гаплашиб ҳам улгурмаган. Бундан ташқари, воқеа Олот чўлида содир бўлган. Бу бизга тегишли эмас...», — деган маҳалла раисининг кейинги жавобидан ҳам ҳайратда қолдик. 

Маҳалла раисининг қарийб уч ойдан буён жилла қурса, муаммонинг келиб чиқиши сабаби билан қизиқмагани, вояга етмаган қизнинг нима сабабдан мактабга бормай қўйгани, алалоқибат зўравонликка учрагандан кейин ҳам сўроқламаганини қандай изоҳлаш мумкин?! Мана шундай айрим масъулларнинг эътиборсизлиги чекка туманда бу каби муаммоларнинг урчишига сабаб бўлмай қолмаган.

«Ушбу ижтимоий ётоқхонада енгилтабиатли аёллар жуда кўп. Ш.Қ. ҳам шундай аёллардан. Афсуски, биз ҳаммани қамраб ололмаймиз. Худди шунингдек, акаси Б.Ҳ. ҳам жуда кўп фуқароларни алдаб, пулларини олиб, қарз ва бировлар ҳақи эвазига умргузаронлик қилиб келган. Ш.Қ. ҳам бир неча маротаба ўзининг ноқонуний ҳатти-ҳаркатлари учун жарималарга тортилган, қўни-қўшнилар билан кўп бор келишмовчилик келтириб чиқарган. Кўчадаги 80 фоиз дўкондорлардан қарздор, ҳаммани «ухлатиб» кетаверишади. М. ҳам ана шундай муҳитда бир муддат яшаган ва улар таъсирида қолган. Унинг аччиқ қисматига кеннойисининг юриш-туришлари, акасининг эса бефарқлиги сабабчи»,— дейди.

Маълумот ўрнида: Бундан илгарироқ педофилларга жазо кучайтирилиши, уларни кимёвий ва жисмоний бичиш амалиёти қўлланилиши хусусида муҳокамалар ўртага ташланган эди. 

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг