Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Билмаган эдим» дейиш жавобгарликдан озод қилмайди

«Билмаган эдим» дейиш жавобгарликдан озод қилмайди

Фото: Сунъий интеллект

Қоракўлда фуқаронинг телефонидан диний мазмундаги тақиқланган материаллар топилгани сабабли унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилди. Суд қарори билан ҳуқуқбузарга 2 миллион 60 минг сўм жарима тайинланди.

Қоракўл тумани ИИБ ТҚБ ТҚКГ масъул ходимининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, келиб тушган мурожаат асосида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида туманнинг «Мирзақалъа» маҳалласида яшовчи 20 ёшли фуқаро О.С.нинг қўл телефонида шубҳали файллар борлиги аниқланган. Мазкур материаллар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертизасидан ўтказилди.

Экспертиза хулосасига кўра, файллар диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тартибига оид қонунчилик талабларига зид равишда, тегишли рухсатсиз сақлаб келинган.

Ҳуқуқбузарликка алоқадор ашёвий далил сифатида iPhone 14 Pro смартфони давлат фойдасига мусодара қилиш учун олиб қўйилди.

Суд мажлисида фуқаро О.С. қилмишидан чин дилдан пушаймонлигини билдириб, бундай маълумотларни сақлаш тақиқланганини билмаганини айтган ва ўз айбига иқрор бўлиб, енгиллик беришни сўраган.

Суд тақдим этилган баённомалар, эксперт хулосалари ва далилларни батафсил ўрганди. Ҳуқуқбузарнинг ёшлиги, муқаддам бундай ишларга қўл урмагани ҳамда оилавий шароити инобатга олинди. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184²-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) қўлланилди.

Инсонпарварлик тамойилларига таянган ҳолда, маъмурий жарима қонунда белгиланган энг кам миқдордан ҳам паст этиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, яъни 2 миллион 60 минг сўм қилиб белгиланди.

— «Билмаган эдим» деган важ ҳеч кимни жавобгарликдан қутқармайди. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда турли аудио, видео файлларни юбориш, қабул қилиш ёки телефон хотирасига юклаб олиш оддий ҳолга айланди. Бироқ ҳар қандай маълумотни текширмасдан кўчириб олиш ва сақлаш оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Айниқса, диний мазмундаги материалларга нисбатан қонунчилик талабларини билиш, уларнинг қонунийлигига эътибор бериш ва рухсат талаб этиладиган ҳолатларга бепарво бўлмаслик жуда муҳим», — деди Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди тергов судяси Дилмурод Қуллиев.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг