Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода солиқчи суд залидан қамоққа олинди

Бухорода солиқчи суд залидан қамоққа олинди

Фото: «Xabar.uz»

Бундан бир неча ой илгари, жорий йилнинг 16 апрель куни хизмат вазифасини ўтаётган йўл патрул инспекторларига зўравонлик қилган солиқчи куни кеча суд залидан қамоққа олинди. У хизмат ходимларига қаршилик кўрсатиб, уларга жисмоний зўравонлик қилгани видеотасвири тарқалган эди.

Аниқлик киритилишича, йўл патрул инспекторларининг қонуний талаблари ва хизмат фаолиятига фаол тўсқинлик қилиб, уларга тан жароҳати етказган шахс Н.Ў. – туман давлат солиқ инспекцияси юристи бўлиб ишлаб келаётган бўлган.

Ҳолат Олот туманида содир бўлган. Бухоро вилояти ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати  хавфсизлик хизмати бошқармаси 5-сафарбар йўл патрул гуруҳи инспекторлари, катта сержант ва сардор туман марказидаги йўллардан бирида хизмат вазифасини олиб бораётган пайтида «Нексия» русумли автомашинани бошқариб келаётган шахс шу кўчани ажратиб турган бетон тўсиққа бориб урилган. Ва ушбу ҳолатда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш  мақсадида хизмат ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб келишган.

Шу вақтда воқеага умуман алоқаси ва даҳли бўлмаган 30 ёшли, Қоракўл туман солиқ инспекцияси маъмурий-амалиёт бўлими юристи Ў.Н. исмли фуқаро ҳеч бир сабабсиз уларнинг хизмат фаолиятига қаршилик кўрсата бошлаган. Инспекторларни турли ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларга турли даражадаги тан жароҳатларини етказган. Ҳолат содир бўлган вақтда йўл патрул хизмати ходимлари хизмат кийимида бўлишган.

Олиб борилган ўрганишлар ҳамда дастлабки тиббий-текширув маълумотномасига кўра, мазкур ҳодиса натижасида катта сержант С.Ж.нинг ўнг қўл 4-5-бармоқлари ҳамда ўнг қўл тирсак соҳасида шилинма, сафдор Б.К.нинг эса бўйин соҳасида тан жароҳати етказилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишига айбланувчи сифатида жалб этилган шахсга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, юз берган ҳодисада ходимларнинг ҳатти-ҳаракатида хизмат интизоми ва қонунчилик бузилиши ҳолатлари бор-йўқлиги юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилган. Ва уларнинг ўз вазифасини тўғри олиб боришгани тасдиқланган.

Манбаага кўра, ҳолат Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди томонидан кўриб чиқилган.

Маълум бўлишича, Ў.Н. ЙПХ ходимларини қасддан уриб, жезл махсус воситасини отиб, уларга тан жароҳати етказган. Хизмат кийимларини йиртган ва унга бириктирилган «Body camera» ва жетонни юлиб олиб, ҳар томонга отиб юборган. Бундан ташқари, уларни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказган.

Шунда ҳам Ў.Н. айбга иқрорлик билдирмасдан, меҳмондорчиликда бўлгани, ўзи спиртли ичимлик ичмаганини айтган. Бироқ, ЙПХ ходимлари уни  огоҳлантиришларга, ўз хизмат фаолиятларига тўсқинлик қилмасликка чақирганларига қарамай, ноқонуний ҳатти-ҳаракатлардан тўхтамаган.

Ҳолат юзасидан олиб борилган суд тергови давомида Ў.Н.нинг айби исботланган. Судланувчи  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 219-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли, деб топилган ҳамда унга суд ҳукми билан шу модда асосида 3 йилу 6 олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Айбдор суд залидан қамоққа олинган.

Манбаанинг «Xabar.uz»га кўрсатма беришича, суд ҳукмдан норози томонлар ҳукм ўқиб эълон қилинган кундан бошлаб, йигирма кун муддат ичида, судланувчи ва жабрланувчилар эса  ҳукм нусхасини қўлга олган кундан бошлаб шу муддат ичида, Бухоро вилоят судига апелляция тартибида шикоят, прокурор эса  протест келтиришга ҳақли эканлиги тушунтирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг