Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чилонзордаги аҳволдан безовта Бош прокурор бугун шу туманда бўлди

Чилонзордаги аҳволдан безовта Бош прокурор бугун шу туманда бўлди

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев  раислигида пойтахтнинг Чилонзор туманида катта йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Чилонзор тумани сектор мутасаддилари иштирок этди.

Айтилишича, туманда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг аҳволи ташвишли даражага келиб қолган. Бош прокурорнинг айни масалаларга бағишланган мувофиқлаштирувчи кенгашнинг йиғилишини шу туманда ўтказилиши сабаби ҳам шунда.

Айтилдики, нафақат Тошкент, балки мамлакатимизда тинч-осойишталик барқарорлиги бўйича дунёга намуна бўлиб келаётгани бор гап. Мамлакат пойтахти эса мамлакатнинг кўзгуси  ҳисобланади. Шу маънода пойтахтда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолати ҳамда қонунийлик аҳволи энг намунали даражада бўлиши лозимлиги катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда, айниқса, пойтахтда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ижтимоий-сиёсий, криминоген вазият барқарорлигини таъминлашга давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратаб келинмоқда. Шунга қарамай, айрим маҳаллий раҳбарларнинг, масъулларнинг бепарволик ва лоқайдликка берилгани оқибатида сўнгги вақтларда Тошкент шаҳрида юзага келган криминоген вазият, ҳудудда уюшган жиноятчилик ҳолатлари оқлаб бўлмас даражага келиб қолмоқда.

Тошкент шаҳри бўйича олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони бошқа вилоятларга нисбатан энг кўп, яъни ҳар 100 минг аҳолига 138 тадан тўғри келган бир вақтда, Чилонзор туманида бу кўрсаткич шаҳар кўрсаткичидан қарийб икки бараварга кўп бўлиб, 246 тани ташкил этганига нима дейиш мумкин?!

Пандемия сабабли жорий этилган карантин муносабати билан ҳаракатланиш бир мунча чекланиб, назорат тадбирлари кучайтирилган бир шароитда, Чилонзор туманида криминоген вазиятнинг бундай аянчли ҳолатга келгани туман масъулларининг ўз ишига ўта лоқайд ва юзаки муносабатда бўлганлигидан далолат эмасми?!

Бунинг оқибати шуки, тумандаги вазият барқарорлиги ва аҳоли хотиржамлигига жиддий салбий таъсир қиладиган мудҳиш жиноятлар, жумладан, қасддан одам ўлдириш, фирибгарлик, ўғирлик, безорилик жиноятлари ҳамда аёллар ва ишламайдиганлар томонидан содир этилган жиноятлар кескин ошиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, босқинчилик, талончилик ҳамда рецидив ва гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар кўрсаткичи юқорилигича қолмоқда.

Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар таҳлили, содир этилган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва кўрсаткичлари, очилмаган жиноятлар, қидирувдаги шахслар, уларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар тумандаги ҳар бир ҳудуд, шунингдек, аёллар, вояга етмаганлар, ёшлар ва бошқа тоифадаги фуқаролар кесимида танқидий кўриб чиқилди ва атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир якунида соҳада йўл қўйилган камчиликлар юзасидан масъулларнинг тушунтириш ва изоҳлари тингланди.

Раислик этувчи томонидан туман ҳудудидаги тоифаланган объектлар, катта бозорлар ва аҳоли гавжум бўладиган жойларда жамоат тартиби назорат қилинишига замонавий усул ва воситаларни кенг татбиқ этиш чоралари кўрилиши, жамоат тартиби сақланишини таъминлаш ва қидирувдаги шахсларни тезкор аниқлаш мақсадида интеллектуал камералар, дронлар, «SOS» тугмачаси ва бошқа техник воситалар билан таъминлаш чоралари кўрилиши юзасидан аниқ ва асослантирилган таклиф ва тавсиялар берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг