Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғонада бувисини ўлдириб, уйини ёқиб юборган йигит 17 йилга қамалди

Фарғонада бувисини ўлдириб, уйини ёқиб юборган йигит 17 йилга қамалди

Фарғона вилояти Боғдод туманида 20 ёшли йигит ўз бувисини ўлдириб, жиноят изларини яшириш мақсадида хонадонга ўт қўйган. Унга тенгдош таниши шериклик қилган.

Суд материалларига кўра, судланувчи бувисининг уйида катта миқдорда пул ва қимматбаҳо буюмлар борлигини билган. У жиноятдан икки кун аввал Тошкентда ишлаб юрган танишига қўнғироқ қилиб, пул ишлаб олишни таклиф қилган. Иккиси уй эгаси йўқ вақтда хонадонга кириб, пул ва қимматбаҳо буюмларни қидира бошлаган.

Шу пайт уй эгаси кутилмаганда қайтиб келган. Қаршилик кўрсатган аёлга набираси ошхона пичоғи билан кўкрак қисмига зарба берган. Жабрланувчи оғир тан жароҳати оқибатида ҳушидан кетган.

Шундан сўнг улар уйдаги тилла занжир ва зирак, автомобил монитори ҳамда 2 миллион сўм пулни олиб, воқеа жойидан кетишган.

Тергов маълумотларига кўра, набира кейинроқ жиноят изларини яшириш учун яна хонадонга қайтган. У ёқилғи қуйиш шохобчасидан 10 литр бензин олиб, кечаси бувисининг уйига кирган ва хонадоннинг турли жойлари ҳамда марҳуманинг жасадига бензин сепиб, ўт қўйган.

Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суди ҳукми билан биринчи судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «п» банди, 169-моддаси 2-қисми «г» банди ва 173-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларда айбдор деб топилиб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Иккинчи судланувчи эса 97-модда 2-қисми «п» банди ва 169-модда 2-қисми «г» банди билан айбдор деб топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг