Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғонада фермерлардан ер тортиб олинмоқда. Вазиятга Адлия вазирлиги аралашди

Фарғонада фермерлардан ер тортиб олинмоқда. Вазиятга Адлия вазирлиги аралашди

Фото: «Xabar.uz»

Учкўприк туманида фермерлар ҳокимият биносига чақирилиб, ўз ерларидан «ихтиёрий» воз кечиш юзасидан ариза расмийлаштирилганлиги аниқланди.

Ҳолатга Адлия вазирлиги муносабат билдирди.

Президент Фармонига асосан жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисидаги ариза фақат нотариал тартибда тасдиқланиши қатъий белгиланган, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарори билан бекор қилиниши мумкин эмас.

Мазкур тартиб фермерларни мажбуран ерини топширтириш, бўш оқ қоғозга имзо чекдириш ёки фермер номидан бошқа шахс имзо қўйиши каби йиллар давомида учраб келган амалиётларга чек қўйиш, шунингдек, исталган пайтда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг ерга бўлган ҳуқуқларини ҳар хил йўллар билан бекор қилишга йўл қўймаслик мақсадида жорий этилган.

Яъни ихтиёрийлик шахснинг ҳақиқатан асл хоҳиш-иродасининг ифодаси эканлигини тасдиқлаш мураккаб ҳуқуқий жараён эканлигини инобатга олиб, бу муҳим вазифа нотариусларга юклатилган.

Бироқ, жорий йилнинг 13 октябрь куни Фарғона вилояти Учкўприк тумани ҳокимлиги биносига чақиртирилган нотариус М.Э. томонидан ер ижара шартномаларини бекор қилинишини сўраб 16 та фермер хўжалиги раҳбарларидан ҳоким номига ёзилган аризалар тасдиқлаганлиги маълум бўлди. 

Яъни, нотариус ҳам ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳам бевосита туман ҳокимлиги биносига чақиртирилган бўлиб, аризаларни нотариал тасдиқлаш туман ҳокимлиги биносида юз берган.

Бундан ташқари, фермерларнинг аризалари билан боғлиқ нотариал ҳаракатни амалга ошириш, жумладан давлат божи ва бошқа тўловлар Учкўприк тумани ҳокимлиги ходими Ш.М. иштирокида амалга оширилган.

Бундай амалиёт юқоридаги Фармон мақсадига, мазмун-моҳиятига, унда белгиланган тартиб ва принципларга зиддир.

Маъмурий бинога чақиртирилиб, ҳокимлик ходимлари иштирокида ушбу нотариал ҳаракатларнинг амалга оширилиши фермерларнинг асл хоҳиш-иродасини ифода этишига халақит қилувчи катта тўсиқ сифатида қаралиши лозим.

Қолаверса, 16 та фермернинг бир вақтда бирваракайига ерни топшириш қарорига келганлиги ва бир вақтда ариза ёзиш мақсадида нотариусга мурожаат қилиш ҳолати тасодиф бўлиши мумкин эмас.

Шунга асосан Адлия вазирлиги томонидан 13 октябрь куни 16 та фермер хўжалиги раҳбарларининг аризаларини бекор қилиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу аризалар асосида ерларни туман ҳокимлиги захирасига олиб қўйиш амалга оширилмаслиги назоратга олинди.

Ўз ўрнида, ҳокимлик мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш юзасидан прокуратура органларига мурожаат қилинди.

Адлия вазирлиги ҳуқуқий муносабатлар барқарорлиги, ерга бўлган ҳуқуқларнинг таъминланиши қишлоқ хўжалиги ривожланиши учун энг муҳим шартларидан бири эканлигини таъкидлайди.

Шу муносабат билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларига қонунчилик ҳужжатлари талаблари, айниқса юқоридаги Фармон мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб зид фаолият юритганлик учун жавобгарлик мавжудлигини эслатиб ўтамиз.

Ҳурматли фермерлар!

Агар сизга нисбатан ер ҳуқуқларингиздан ихтиёрий воз кечиш бўйича мажбурлаш ёки бошқа кўринишдаги босимларга дуч келсангиз, яъни мазкур ҳаракатлар ўз ихтиёрингизга қарши амалга оширилаётган бўлса, дарҳол адлия органларига мурожаат қилишингизни сўраймиз, дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг