Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бойсундаги бозор можароси. Ғат-ғат қилган карнайчи, балога қолган сурнайчими?

Бойсундаги бозор можароси. Ғат-ғат қилган карнайчи, балога қолган сурнайчими?

Видеолавҳадан скриншот

Бойсундаги бозор кўчирилишига оид бир-бирига зид хабар оқими ҳамон тўхтаётгани йўқ. Бир томондан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, иккинчи томондан вилоят ИИБ сувни лойқалатиш билан оворадек, гўё...

Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда шу йилнинг 12 май куни Бойсун тумани «Тузбозор» маҳалласидаги бозор кўчирилиши айтилиб, унинг кириш қисми экскаватор билан қазилиши аҳолининг кескин қаршилигига сабаб бўлганди. Айни жараён акс этган лавҳалар ижтимоий тармоқларда чиқиб кетгач, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги аҳоли норозилиги бозор кўчирилишига боғлиқ эмаслиги, қазиш ишлари «Ўзбектелеком» АКнинг Сурхондарё вилоят филиали Бойсун телекоммуникациялар боғламаси томонидан оптик толали алоқа кабелини ётқизиш мақсадида амалга оширилганини билдирди.

Бироқ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳокимлигининг баёнотини инкор этиб, «Ўзбектелеком» АК Сурхондарё филиали Бойсун телекоммуникациялар боғламаси туман марказидаги А.Навоий ҳамда Истиқлол кўчалари кесишмасида 200 метр канализациясини қуриш ишларини 2020 йил 6 май куни якунлангани, бозор можаросига бунинг мутлақо алоқаси йўқлигини билдирди.

Шундан кейин асоси пуч баёноти билан жамоатчиликни чалғитган вилоят ҳокимлиги мутасаддилари «ёлғон ахборот тарқатганлик» айби билан жавобгарликка тортилиши лозим эди, аслида. Аммо амалда бундай бўлмади. Хабарларга қараганда, ҳокимликнинг ёлғон ахбороти ҳамон «ўз кучида турганга» ўхшайди.

Гап шундаки, 12 май кунги можаро ортидан тўққиз нафар фуқаро майда безорлик айби билан маъмурий жавобгарликка тортилган (уларнинг бир нафарига жарима солинган, қолганлари 5 суткадан 15 суткагача «кесилган»). Энг оғриқлиси, вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳуқуқбузарлар «...Бойсун телекоммуникация боғланмаси томонидан Алишер Навоий ва Истиқлол кўчалари бўйлаб халқаро оптик толали кабел ётқизиш учун олиб келинган бульдозернинг ишлашини нотўғри қабул қилиб...», «...шовқин кўтариб, одамлар ўртасида норозилик кайфиятини уйғотишга урингани» ва жараённи тавсирга олиб, «...халқ орасида ички ишлар идоралари ходимларини обрўсизлантиришга ҳаракат қилингани» учун жавобгарликка тортилганини таъкидлайди.

Вилоят ҳокимлиги ва ИИБнинг бундай «ахборот томошалари» бозорда юзага келган томошадан қолишмайди. Рост-да, АКТ вазирлиги ҳокимликнинг баёнотини инкор қилиб, бозор биқинидаги кўчадаги қазиш ишлари 6 майдаёқ якунлангани, бунинг орадан олти кун ўтгандан кейинги можароларга алоқаси йўқлигини расман маълум қилган. Ички ишлар ходимлари эса тўққиз нафар фуқаро расман рад қилинган (яъники, амалда 12 май куни амалга оширилмаган!) ишларга норозилик билдиргани учун жавобгарликка тортилганини айтмоқда?!

Бу «ахборот томошаси» бўлмай, нима? Бундай «томошалар» эса айни пайтда маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган «ҳуқуқбузарлар»нинг айбдорлигини катта сўроқ остига қўяди.

Бундай «томоша»ларга Бош прокуратура нима дейди?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг