Ҳибсда туриб қарзидан қутулмоқчи бўлди
Сарлавҳадан ажабланяпсиз-а? Тўғри. Гиёҳванд моддаси билан қўлга тушган кимса ҳибсда туриб нимаям қила олиши мумкин? Қарздан қутулишни-ку айтмасаям бўлади!
Мирзачўллик Акрам Асқаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) гиёҳванд модда билан қўлга тушганди. Яна денг «опий» билан! Ҳаммаси ҳужжатлаштирилиб, тергов ҳаракатлари бошланди. Табиийки, терговда оғуни кимдан олгани сўралди. Шунда Акрамбойнинг ёдига Ўсар Мелиқулов тушса бўладими? «Опий»ни ундан олдим, деб айтса-чи?
Нега айнан Ўсар?
Гап шундаки, Акрамнинг Ўсардан катта миқдорда қарзи бор: 13 миллион сўм! Ҳозирги аҳволи маълум: бир неча йил «олиб кетиши» аниқ. «У ёқдан» қачон ва қандай чиқишидан қатъи назар, Ўсар ҳақидан кечмаслиги тайин. Агар наркотикни ундан олдим деса, Ўсар ҳам ўзи билан кириб кетади... Тушига кирмаган ғурбатларга дучор бўлган одам бировдаги ҳақини ўйлармиди?
Акрам Асқаров шундай қилди ҳам. Киприк қоқмай оғир кунида қарз бериб, шу орқали кўмаклашган танишига нисбатан ёлғон гувоҳлик берди.
Дастлабки тергов жараёнида вазиятга ойдинлик киргунча Ўсарнинг анча-мунча асаби қақшагани тайин. Яхшики, кўп ўтмай ҳаммаси изига тушди: Акрамнинг ёлғонлар фош бўлди. Бу яна бир айблов нақд деганидир.
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди Акрам Асқаровга бошқа қилмишлар қатори «туҳмат» айблови билан ҳам ҳукм чиқариб, тегишли жазо тайинлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter