Икки боласи билан кўчада қолиши мумкин бўлган аёл ҳақидаги мақолага Олий суд муносабат билдирди
Шу йилнинг 20 ноябрь куни «Xabar.uz»да «Никоҳи судда (сиртдан) бекор қилинган аёл икки нафар фарзанди билан кўчада қолиши мумкин» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда фуқаро Дилфуза Хўжаеванинг никоҳи суд тартибида сиртдан бекор қилингани, шунингдек, уни уйдан кўчириш билан боғлиқ яна бир суд ҳужжатига оид фикрлар билдирилганди.
Мақола юзасидан Олий суд матбуот хизмати муносабат билдирар экан, авввалига Даврон Саитназаров ва Дилфуза Хўжаева ўртасидаги никоҳ бекор қилган ҳолатга тўхталади: «...1999 йил 27 августда қайд этилган никоҳ фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг 2017 йил 24 августдаги сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори билан бекор қилинган. Бундан аввал Д.Саитназаров 2016 йилда ҳам айни даъво билан судга мурожаат қилганди. Бироқ унинг биринчи даъвоси мазкур суднинг 2016 йил 15 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан рад қилинган.
Даъвогарнинг никоҳни бекор қилишни сўраб судга киритган иккинчи даъвоси бўйича дастлаб суд томонидан томонларга ярашиб олиш учун бир ой муддат берилган. Мазкур муддат давомида томонлар ярашиб олмагач, суд никоҳни бекор қилиш бўйича уч бор суд мажлиси тайинлаган ва ҳар гал жавобгар (Д.Хўжаева) судга келмагани сабаб тегишли тартибда бошқа муддатга қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 280-моддасига кўра, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаса ва бунинг узрли сабаблари борлиги ҳақида хабар бермаса ва даъвогар бунга эътироз билдирмаса, даъво сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин.
Шунга кўра, мазкур фуқаролик иши сиртдан кўрилиб, тегишли суд қарори чиқарилган. Мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан шу пайтгача шикоят келиб тушмаган.
Энди мақолада тилган олинган суд ишига боғлиқ яна бир ҳолат ҳақида.
Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2018 йил 20 декабрдаги ҳал қилув қарори билан З.Атаханованинг Д.Хўжаевага нисбатан уйдан кўчириш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилиб, Д.Хўжаеванинг З.Атаханова ва бошқаларга нисбатан олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қарши даъвоси қаноатлантиришдан рад этилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2019 йил 26 апрелдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Ҳозирги кунда мазкур иш бўйича суд қарорлари қонуний кучда.
Ушбу иш бўйича суд қарорларига нисбатан Д.Хўжаева Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал 422-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят келтиришга ҳақли.
Шу билан биргаликда, суд қарорининг Д.Хўжаевани низоли уйдан кўчириш қисми ҳозирги кунга қадар ижро этилмаган.
Ҳозирги кунда Д.Хўжаева туманлараро судига суд қарори ижросини кечиктириш ҳақида ариза билан мурожаат қилган бўлиб, ушбу аризани суд мажлисида кўриш 2019 йил 25 ноябрь кунига белгиланган.
Ариза кўриб чиқилгунга қадар суднинг 2019 йил 7 ноябрдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ижроси тўхтатилган.
Д.Хўжаевани низоли уйдан кўчириш ҳақидаги иш бўйича суд қарори қонуний кучда экани, суд қарорларининг қонунийлигига фақатгина юқори инстанция суди (назорат инстанцияси) томонидан баҳо берилиши мумкинлиги сабабли, Д.Хўжаева бу иш бўйича суд қарорлари қонунийлиги текширилиши учун Олий судга назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди иш юритувида даъвогар Қаландаров Азизбек Анваровичнинг жавобгарлар Зинаида Атаханова, Давронбек Саитназаровларга нисбатан олди-сотди шартномасини бекор қилиш ҳақидаги фуқаролик иши мавжуд бўлиб, ҳозирда биринчи инстанция суди томонидан мазмунан кўрилмоқда».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter