Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Карманада давлат солиқ инспектори пора билан ушланди

Карманада давлат солиқ инспектори пора билан ушланди

Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимовнинг «Xabar.uz» га маълум қилишича, Кармана туманидаги ушбу жиноят «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида фош этилган.

Ушбу тезкор тадбир вилоят ИИБ Коррупцияга қарши курашиш бўлими, ДХХнинг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Кармана тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган. 

Аниқланишича, Кармана тумани солиқ инспекциясининг камерал солиқ текширувлари шўъбасида давлат солиқ бош инспектори лавозимида ишловчи шахс якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ қарздорлигининг бир қисмини камайтириб беришни ваъда қилган. Шунингдек, у тадбиркорга нисбатан молиявий жарима қўлламасликни билдирган. Бунинг эвазига мансабдор 1 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган. У манфаатдор шахсдан мазкур маблағни пора сифатида олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Кармана туманида олиб борилган тезкор тадбир давомида ноқонуний крипто-актив айирбошлаш (криптовалюта ёки бошқа рақамли активларни бир турдан иккинчи турга алмаштириш жараёни) фаолияти ҳам фош этилди.

Бунда туман марказида яшовчи, 2005 йилда туғилган шахс «Binance» крипто-биржаси орқали крипто-активларни қонунга хилоф равишда сотиб олиш, ўтказиш ва айирбошлаш билан шуғулланиб келгани маълум бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, у 2024 йилдан буён, қарийб, 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги крипто-активлар айланмасини амалга ошириб келган.

Гумонланувчининг мобил телефони далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278⁸-моддаси (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, — дейди Фаёзжон Қосимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг