Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Макар» лақабли зўравон ва унинг жиноий тўдасига суд ҳукми ўқилди

«Макар» лақабли зўравон ва унинг жиноий тўдасига суд ҳукми ўқилди

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқ-тартибот идораларини жалб қилган ҳолда Самарқанд шаҳридаги жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилган 1978 йилда туғилган «Макар» лақабли Ж.М беш нафар фуқарони атрофига бирлаштириб, жиноий тўда ташкил қилади.

Қайд этилишича, улар 2021 йилнинг апрел ойида бир фуқарони калтаклаб, тан жароҳати етказиб, рақамсиз «Malibu» автомобилида мажбуран Чўпон ота тепалигида жойлашган ҳовлига олиб бориб, уч кун давомида қийноққа солиб, мобил телефонга тасвирга олишади ва ушбу ҳолатлар бўйича шикоят қилса ҳамда қарзларини талаб қилса видеоларни ижтимоий тармоққа чиқариш билан қўрқитишган. Бунга нима сабаб бўлганди?

Маълум қилинишича, 2021 феврал ойида жабрланувчи катта миқдордаги ҳаққини «Макар»дан талаб қилганда, уни Бўзи маҳалла фуқаролар йиғинидаги умумий овқатланиш жойларидан бирига олиб кириб, уриб, ўлдириш билан қўрқитиб пулларини бермаслигини айтган. Жабрланувчи эса «Макар»нинг гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиши ва тарқатиши тўғрисидаги маълумотларни ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларига етказишини маълум қилганда, жиноий гуруҳнинг пайтавасига қурт тушади. Жабрланувчининг иккита телефон хотирасида гиёҳвандлик моддалари савдоси ҳақида маълумот бор деган гумонда уларни синдириб ташлайди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида «Макар»нинг жиноий шеригининг «Spark» автомобилида 0.8 грамм опий гиёҳвандлик моддаси ва яна бир целлофан пакет бўлагида қорамтир жигар рангли ўткир ҳидли гиёҳвандлик моддаси қолдиқлари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган.

Бундан ташқари, у ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш орқали ҳужжатларни сохталаштириб, қурилиш ишларини амалга оширганлиги аниқланган.

Ҳолат бўйича Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан «Макар» ва унинг жиноий шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинди.

Судланувчи Ж.М Жиноят кодексининг бир нечта моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли топилиб, унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг беш нафар жиноий шериклари эса 5 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг