Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мактабда қурилиш қилган тадбиркорнинг арзи судгача етиб борди

Мактабда қурилиш қилган тадбиркорнинг арзи судгача етиб борди

Фото: Xabar.uz

Андижон вилоятида фаолият юритувчи «Акбарали» (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари бажарилган қурилиш ишлари учун Балиқчи тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан маблағларни ундириб берилишида амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.

Аниқланишича, 2022 йилда тадбиркор ва Балиқчи ММТБ ўртасида Балиқчи туманидаги 29-сонли мактаб таълим муассасасида қурилиш ишларини бажаришга доир қиймати 305 млн сўмлик пудрат шартномаси тузилган.

Унга кўра 30 банк иш кунида «Буюртмачи» томонидан бажариладиган ишлар умумий қийматининг 30 фоизи, яъни 91 млн сўмни олдиндан аванс тариқасида «Пудратчи»нинг ҳисоб-рақамига ўтказиб бериши, қолган 70 фоизи, яъни 214 млн сўмни «Пудратчи» томонидан топширилган бажарилган ишлар далолатномаси ва бажарилган ишлар қийматлари тўғрисидаги маълумотномалар асосида 90 банк иш кунида ўтказиб бериши белгиланган.

Жамият томонидан 305 млн сўмлик ишлар тўлиқ бажарилганлиги тўғрисида Балиқчи ММТБ билан 2022 йилда 1-сонли ҳисобварақ-фактура, бажарилган ишлар далолатномаси ҳамда таъмирлаш тугалланган объектни қабул қилиш далолатномаси имзоланган.

Бироқ, тадбиркорга бажарилган ишлар учун тўлов амалга оширилмай, бу ҳолат Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бош бошқармаси томонидан шартнома туман ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказилмагани ва 2022 йил учун харажатлар сметаси тасдиқланганидан сўнг таъмирлаш ишлари бажарилганлиги сабабли қўшимча маблағларни режалаштириш имкони бўлмаган дея изоҳланган.

Бироқ бажарилган қурилиш таъмирлаш ишлари қийматини бугунга қадар тўлаб берилмаслиги тадбиркорлик субъектининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида ҳамда бюджет ва ходимлар билан ўзаро ҳисоб-китобларда турли муаммолар юзага келишига сабаб бўлган.

Шунга кўра, Бизнес-омбудсман томонидан ушбу қарздорликни ундириш бўйича Избоскан туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилиб, тадбиркорнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди.

Суднинг ҳал қилув қарори билан тадбиркорга қарздорликни ундириш белгиланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг