«Маълумотлар нега тўлиқ очиқланмаяпти?» – ҳуқуқшунос афв этиш жараёнига доир муҳим саволлар билан мурожаат қилди
Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Ҳуқуқшунос Беҳзодбек Ғаниев кейинги вақтларда афв жараёнига доир муҳим маълумотлар жамоатчиликка ошкор этилмаётганини савол остига олди.
«Президент Ш.Мирзиёев даврида амнистия амалиёти тўхтатилиб, афв этиш амалиётига ўтилганидан хабардорсиз. Давлат раҳбари томонидан бир йилда 3-4 мартагача афв этиш ҳақидаги фармон имзоланиб, ҳозиргача 5500 дан ортиқ маҳкум афв этилган. Конституциямизнинг 30 йиллиги муносабати билан ҳам 402 нафар маҳкум афв этилгани маълум қилинди», – деб ёзди ҳуқуқшунос.
Расмий манбаларда афв этиш тартибида жазодан тўлиқ озод қилинган, муддатидан илгари шартли озод этилган, жазоси енгилроғи билан алмаштирилган ёки қисқартирилган шахсларнинг сони; бунда афв этилган аёллар, 60 ёшдан ошганлар, хориж фуқаролари, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар сони ҳақида маълумотлар берилади. Лекин бу борада айрим саволлар ҳам туғилмоқда.
«Президентнинг афв этиш ҳақидаги фармони норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланса-да, нега унинг матни расмий нашрларда эълон қилинмай қўйди? Афв этилганларнинг Ф.И.Ш., қандай турдаги жиноят учун қайси жазога қанча муддатга ҳукм қилингани, қайси кўринишида афв этилаётганига оид рўйхатни омма эътиборига етказиш нега тўхтатилди?» – дея савол қўяди Б.Ғаниев.
Таъкидланишича, Президентнинг 2019 йилдаги ПФ-5692 ва ПФ-5888-сонли фармонлари расмий нашрларда эълон қилиниб, афвнинг қайси кўриниши қўлланаётгани, маҳкумнинг шахси ва судланганига доир маълумотлар берилган эди.
«Аввалги фармондан кейинги фармонгача даврда авф этишни сўраб юборилган илтимосномалар сони нечта, уларда баён қилинган илтимослар афвнинг қайси кўринишларига тааллуқли? Илтимосномаларнинг нечтаси нима сабабдан рад қилинган? Бу борадаги махсус комиссия фаолияти ҳисоботлари очиқланадими? Давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган моддий зарарни қопламасдан туриб ҳам афв этилаётганлар борми?» – дея ваколатли идораларни саволга тутади ҳуқуқшунос.
2021 йил 26 январдан жорий қилинган тартибга кўра, илтимоснома бор-йўқлигидан қатъи назар Президент ўз ихтиёрига кўра исталган маҳкумни афв этиши мумкин. Экспертга кўра, мазкур тартибга кўра афв этилган маҳкумлар бор ёки йўқлигига ҳам аниқлик киритиш лозим.
«Бу борадаги маълумотларнинг тўлиқ очиқланиши келгусида афв этилганлар билан ўхшаш вазиятларда бўлган бошқа шахслар учун ҳам шундай илтимосномалар билан мурожаат қилиш ва инсонпарварлик актидан фойдаланиш имконини беради», – деб хулоса қилади ҳуқуқшунос Беҳзодбек Ғаниев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter