Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўғлининг ўлимидан сўнг Бош прокуратура билан судлашаётган ота ҳам вафот этди. Энди тўрт нафар мурғак боланинг тақдири нима бўлади?

Ўғлининг ўлимидан сўнг Бош прокуратура билан судлашаётган ота ҳам вафот этди. Энди тўрт нафар мурғак боланинг тақдири нима бўлади?

Ўтган йилнинг апрел ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Марҳумнинг отаси Аъзамжон Раҳмонов ўғли хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этганлиги, тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолса-да, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётгани учун Бош прокуратурани судга берганди. 

Ислом ҳуқуқи бўйича устоз юристлардан бўлган Аъзамжон Раҳмонов ўғлининг иш жойида вафот этганлиги сабабли, Самирнинг 4 нафар вояга етмаган фарзандлари ва бева қолган турмуш ўртоғи учун Бош прокуратурадан товон пули ундиришга ҳаракат қилаётганди.

Дастлабки даъво аризаси ФИБ Миробод туманлараро суди томонидан қаноатлантиришдан рад этилганидан сўнг, марҳумнинг отаси қонун ижроси таъминланиши умидида қарор устидан Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти киритади. 

Апелляция суди ФИБ Мирбод туманлараро судининг қарорини ноқонуний деб топиб, уни бекор қилган ва яна қайтадан кўриш учун ишни Миробод судига юборган эди.

Маълум бўлишича, айни иш қайта кўрилаётган бир вақтда Аъзамжон Раҳмонов ҳам вафот этган.

«Нима учун бу воқеани эслаяпмиз. Гап шундаки, бу суд ишини кўриш давомида Тошкент шаҳар суди апелляция судлов ҳайъати Самирбекнинг вафоти юзасидан Бош прокуратура фойдасига хулоса берган мутахассислар қонунчиликни бузган деган фикрга келган. Мана шу важлар ҳам қайсидир маънода Самирбекни меҳнат фаолияти билан боғлиқ сабаб туфайли вафот этганлигини тасдиқлаши мумкин.

Шу сабабли, Бош прокуратура марҳумнинг яқинларига тўловларни, хусусан, Меҳнат кодексининг 194-моддасига асосан 6 йиллик ўртача иш ҳақи миқдоридаги нафақа тўловлари тўлаб берса яхши бўларди.

Ҳозир Самирбекдан қолган фарзандларнинг тақдири учун судма-суд юрган, уларнинг асосий ҳимоячиси Аъзамжон ака ҳам оламдан ўтди. Вазият қай даражада ачинарли эканлиги ҳаммага маълум», деб ёзмоқда юрист Саидали Мухторалиев.

Муаллиф Бош прокуратурада раҳбарлик лавозимларида тажрибали, оқил ва кўпчиликка устоз бўлган инсонлар фаолият юритиб келишини эътироф этаркан, уларни муаммони марҳум Самирбекнинг яқинлари, хусусан унинг турмуш ўртоғи билан ўзаро келишув асосида, судсиз ҳал қилишга чақирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг