Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олий суди раиси ўринбосари Бухорода сайёр суд қабуллари ўтказди

Олий суди раиси ўринбосари Бухорода сайёр суд қабуллари ўтказди

Фото:«Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров Бухоро вилоятида суд-ҳуқуқ тизими,  ички ишлар органлари вакиллари иштирокида аҳоли билан учрашиб, сайёр суд қабулларини ўтказди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича вилоят суди бўлим бошлиғи Нурбек Раҳимов маълум қилди.

Шаҳло Рўзиева фирибгарлик жиноятини содир этиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Айбланувчи томонидан жабрланувчига етказилган моддий зарар тўлиқ қоплангани ва ўз айбига тўлиқ иқрор бўлгани инобатга олиниб, жазоси енгиллаштирилди. Сайёр суд қабули жараёнида ўтказилган мазкур суд ҳукмига мувофиқ, Ш. Рўзиева суд залидан қамоқдан озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди.

Бухоро шаҳри, Вобкент, Шофиркон, Пешкў, Ғиждувон ва Олот туманларида ташкил этилган сайёр суд қабуллари Ш. Рўзиева сингари 23 нафар маҳкумларга нисбатан ИИБ Пробация гуруҳ тақдимномалари қаноатлантирилди. Улар ўтолмай қолган жазоларини ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинди. Шунингдек, 20 нафар ажрашиб яшаётган эр-хотин яраштирилиб, оиласи тикланди.

Сайёр суд қабулларида мурожаатлар соҳалар бўйича ўрганилганда, уларнинг аксарияти суд қарорлари ва ажримларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраш каби масалаларга оид экани аниқланди. Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида жойида ҳал қилинди.

Фото:«Xabar.uz»

Суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган ислоҳотлар, маҳкумлар ҳуқуқларининг сўзсиз таъминланиши, шаъни ва қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда маҳкумлар ҳуқуқлари доирасини янада кенгайтириш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди. Фуқаролар томонидан суд соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва судьяларнинг судлов соҳасидаги иш фаолияти юзасидан фуқаролар томонидан миннатдорлик билдирилди.

Шунингдек, сайёр суд қабулларида кечган учрашувларда соҳа вакиллари томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган фуқароларни иш билан таъминлаш, касбга ўргатиш, маънан соғлом ҳаётга йўналтириш, ижтимоий мослаштириш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга оид ишлар тилга олинди. Бу жараёнда бандликни таъминловчи давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилинаётгани ҳамда маҳкумларга психологик ёрдам кўрсатилаётгани билдирилди. Ўз навбатида жазони ўтаётганлар суд белгилаган чекловлар ҳамда қонун талабларига қатъий бўйсуниши лозимлиги уқтирилди.

Сайёр қабул жараёнларида Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров томонидан фуқароларга судлар фолиятига оид китоблар ва норматив ҳуқуқий ҳужжатлар топширилди.

Жойларда сайёр қабуллар давом этмоқда.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг