Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Она қасоси: қотилликми ёки адолат учун кураш?

Она қасоси: қотилликми ёки адолат учун кураш?

фото: интернет, очиқ манба

Сиз бу фотосуратни эслай олмаслигингиз, аммо унинг граффити ёки футболкадаги тасвирини кўрган бўлишингиз мумкин. Оламшумул воқеа эса суд залида рўй берган. Ўшанда кучли алам ва қаҳр-ғазабга тўлиб-тошган она ўзини тутиб туролмаган ва шов-шувли жиноятга қўл урган эди.

Болаликдан қолган оғриқ

Марианна Бахмайер 1950 йилда Шарқий Пруссиядан кўчиб келган оилада туғилган. Отаси ичкиликка берилган бўлиб, кўпинча оила аъзоларини калтакларди. Кейинроқ ота-онаси ажрашди, аммо Марианнанинг ўгай отаси ҳам олдингисидан қолишмасди. Тўғри, у маст-аласт бўлмас, аммо шафқатсиз эди.

Тўққиз ёшида Марианна қўшниси томонидан зўрланди. Ота-онаси можарони босиш учун унга совғалар бериб, оғзини ёпишга уринишди, аммо кейин ўз қизларини «бузуқ»ликда айблашди.

Марианна 15 ёшида уйдан қочиб кетган ёки ҳайдалган. У 16 ва 18 ёшларида икки нафар фарзанд кўрди, аммо иккаласи ҳам бошқа оилаларга бериб юборилди. Иккинчи ҳомиладорлиги олдидан у тағин зўрланган, аммо суд айбдорни оқлаб, «қизнинг ўзи уни васвасага солган» деган ҳукм чиқарди.

Учинчи ҳомиладорлик Марианнанинг 22 ёшида рўй берди. Қизи Анна 1972 йил 14 ноябрда туғилди. Бу Марианна учун охирги оналик имконияти эди, чунки бола кўриш қобилиятини йўқотиш учун тиббий йўл билан уни ҳомиладор бўлишдан мосуво қилишди.

Анна онаси Марианна ишлайдиган «Tipasa» пивохонасида униб-ўсди. У кўп вақтларда ёлғиз қоларди. Қизчанинг отаси Кристиан Бертольд Марианна ҳомиладорлигини билган заҳотиёқ уларни ташлаб қочиб кетган эди.

Фожиали кун

1980 йил 7 май куни одатдагидек бошланди. Она-бола тортишиб қолди. Жаҳли чиққан Марианна шу куни қизини мактабга кузатмади, Анна мактабга ёлғиз жўнади. Аммо Анна на дарсга борди, на уйга қайтди. Онаси қўшнилардан сўраб чиқди, дўстларига қўнғироқ қилди, кейин полицияга мурожаат этди.

Эртаси куни қизчанинг жасади канал ёқасидан, қути ичига кўмилган ҳолда топилди. Уни зўрлашган ва ўзининг колготкаси билан бўғиб ўлдиришган эди.

Қотил ким?

Жиноятчи Аннанинг ён қўшниси 35 ёшли қассоб Клаус Грабовски бўлиб чиқди. У Аннани уйига чақириб олган, «Мушукча билан ўйнайсан» деб алдаган.  

Грабовскининг болаларга қарши содир этган жиноятлари тарихи узун. Немис одил суди қассоб йигитга қайта-қайта имконият берган, аммо у тағин қотилга айланаверган.

Клаус Аннани жинояти ҳақида айтиб қўйишидан қўрқиб, қизчани бўғиб ўлдирган. Жасадни қутига солиб, канал бўйига ташлаган. Бу тун Марианна учун аввалги ҳаётининг якуни бўлди.

Суд ва ҳал қилувчи дақиқа

1981 йил март ойида Грабовски устидан суд бошланди. Суд зали одамларга тўлиб кетди: катта-катта газеталарнинг мухбирлари, ҳуқуқшунос талабалар, қизиқиш билан келган маҳаллий одамлар...

Марианна жуда оғир аҳволда эди. У қотилнинг рўпарасига ўтирган ҳолда эшитарди. Прокурорлар жиноятни баён қилар, адвокатлар эса жавобгарни оқлаш учун турли важ-корсонлар келтирарди. Марианна англаб етди: ҳеч қандай ҳукм унинг Аннасини қайтармайди.

1981 йил 6 март, суднинг учинчи куни эди. Марианна бардош беролмади. У суд залига кенг кул ранг плашда келди, ўтирмади, чўнтагидан «Беретта-70» тўппончасини чиқарди ва ўт очди. Етти марта ўқ узди. Олтитаси Грабовскига тегди, у ерга қулаганида аллақачон жони узилиб бўлган эди.

Ҳаммаси саноқли сонияларда – судьялар, ҳимоячилар, журналистларнинг кўз ўнгида рўй берди. Аммо видео ва фото йўқ эди. Фотосурат эса – реконструкция маҳсули. Масалан, баъзи тасвирларда у тўппончани сумкасида олиб киргани айтилади – аслида шундай бўлиши ҳам мумкин.

Шов-шув

Бу воқеа Германияда чинакам шов-шувга айланди. Эртаси куни «Bild» газетасида катта сарлавҳа билан мақола чиқди: «Она суд залида ўз қизининг қотилига ўт очди».

«Der Spiegel» нашри бу воқеага алоҳида сон бағишлаб, шундай савол қўйди: «Ўзбошимчаликми ёки адолат?» Телекамералар жамоатчилик муносабатини қайд этарди – кимдир чапак чалиб қўллаб-қувватлади, кимдир эса ҳуқуқий давлатнинг инқирози ҳақида даҳшат билан гапирди.

Буюк Британиянинг «The Times» нашри: «Германияда она ўз қизининг ўлими учун қасос олиб, қотилни суд залида отиб ташлади», деб ёзди. Америкадаги «New York Times» эса эҳтиёткорона қайд этишича, бу ерда инсонпарварлик туйғулари кўриниб турибди, аммо қонун бошқача ёндашувни талаб қилади.

Германияда жамият иккига бўлиниб кетди

Айримлар учун Марианна – оналик интиқомининг рамзи эди: аёл тизим амалга оширолмаган ишни қилган. Бошқалар учун эса у – адолат тизимига ишонч йўқолиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигининг хавфли намунаси эди.

Янги суд жараёни... қора курсида Марианна

1983 йилда яна суд жараёни бошланди. Зал тағин одамлар билан тўлиб-тошган, журналистлар ҳам роса кўп эди. Бу сафар қора курсида Марианна ўтирарди. Худди театр саҳнасидек эди. Суд биноси олдида «Адолат бор ва қонун олдида барча тенг» деган плакатлар кўтарилган эди. Залда эса Марианнанинг қилмиши эмас, балки савол муҳокама қилинди: она дарди қотилликни оқлай оладими?

Суд аёлни одам ўлдириш ва ноқонуний қурол сақлашда айбдор деб топди. Ҳукм гўё муросага ўхшарди: олти йиллик қамоқ. Аслида эса Марианна турмада уч йилни ўтказди. «Ҳамдардлик билан қонун ўртасидаги мувозанат» деб аташди буни муҳокамачилар.

Озодликдан кейинги ҳаёт

1985 йилда озодликка чиқарилган Марианна Германияни тарк этди. Эри билан аввал Нигерияда, кейин Филиппинда яшади. Аммо оилавий турмушга дарз кетди ва 90-йилларнинг бошида яна Германияга қайтди.

Марианна ҳақида ҳужжатли фильмлар суратга олинди, ҳуқуқшунослар унинг ишини аудиторияларда муҳокама қилишди. Марианнани «имконсизликка қўл урган аёл» сифатида ток-шоуларга таклиф этишарди.

Бироқ оммавий тимсол ортида ҳаётдан чарчаган, дарддан қутула олмаган аёл яшарди.

Охирги йиллар

1995 йилда Марианна Бахмайерга умуртқанинг бўйин қисмидаги саратон ташхиси қўйилди. Касаллик жадаллашди. Марианна охирги ойларини Любекдаги шифохонада ўтказди. У ерда бир нечта интервью берди, жумладан, RTL телеканалига чиқди. Марианна қилган ишидан афсусда эмаслигини таъкидлади: қонунни бузганини англаса-да, аммо бу оғриқ ва тўсатдан келган изтироб исканжасида бошқа йўл йўқ эди, деб изоҳлади.

Марианна Бахмайер 1996 йил 17 сентябрда вафот этди. У бор-йўғи 46 ёшда эди. Қизи Аннанинг ёнига дафн қилишди.

Хотира

Орадан ўнлаб йиллар ўтди, аммо Бахмайер тарихи ҳали ҳам яшаётир. Кимлар учундир у – оналик иродаси ва болаларни зўравонлардан ҳимоя қилиш рамзи. Бошқалар учун эса – қонун устуворлиги бузилганда бош кўтарадиган хавфли огоҳлантириш.

Ҳуқуқшунослар учун бу иш – қонун ва ҳис-туйғулар тўқнашувининг сабоғи. Расмийлар учун – шахсий фожиа бутун дунё шов-шувига айланган драма. Журналистлар эса ҳали ҳамон ёзишда давом этмоқдалар.

Марианна Бахмайер тарихи – ўзбошимчалик хроникаси эмас. Бу аёл тақдири ҳақида ҳикоядир. Фарзандига бўлган муҳаббати қонундан ҳам кучли бўлган она ҳақида. Ва жамият ҳақида – у ҳалигача бу ишга қандай баҳо беришни ҳал қилолмади: қаҳрамонликми ёки жиноятми?

Марианна Бахмайер ўзи зарур деб ҳисоблаган ишга қўл урган эди. Ва ҳеч қандай қўрқув унга ҳукмронлик қила олмади.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг