Охирги умид суддан эди...

Жиззах вилоят «Қалб нури» аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказига ёрдам сўраб тез-тез мурожаатлар келиб тушади. Имконият ва ваколат доирасида ҳар бир мурожаатчининг муаммосини холис ўрганишга, йўл-йўриқ ва зарур маслаҳат беришга, масъул идораларни хабардор этишга ҳаракат қилинади. Ахир қийин вазиятга тушган бир инсон қайсидир эшикни тақиллатар экан, кўмак, нажот истайди. Мурожаат ортида эса баъзида бир эмас, бир неча инсон тақдири туради. Айниқса мурожаат ёш болали, ишлашга имконияти йўқ, боқувчисиз аёл тақдири билан боғлиқ бўлса, бизни янада сергаклантиради, масалага имкон қадар адолатли ечим топиб беришга ундайди. Мана шундай чигал, айни пайтда суд орқали ечимини анча пайтдан бери кутаётган мурожаат Жиззах шаҳрида маҳалларидан бирида истиқомат қилувчи Н.Ў.дан келиб тушган.
Тақдир экан, унинг ота-онаси бу дунёни эрта тарк этди. Боз устига қирқ ёшдан ошиб, турмуш қуриши ҳам тенгдошларига нисбатан анча кечикди ؘ– охири Ш. Рашидов туманида яшовчи Ў.Ў. га турмушга чиқишга розилик берди. Қуда томоннинг бир ҳафта ичида тўйсиз келинни олиб кетишга интилиши бироз ҳадик уйғотсада, куёвнинг ширин ваъдаларидан кўнгли таскин топарди. У қишнинг айни қирчиллама палласи, янги йил арафасида келин бўлиб узатилди. Аммо «тўй» ўтгач барчаси ойдинлашди қўйди: куёв аввал икки марта уйланган, аммо никоҳи бир ойгаям чўзилмаган, ҳеч қаерда ишламай, қари онасининг пенсиясига кўз тикиб ўтирадиган, бунинг устига сўконғич, рашкчи, қўли ҳам югурик эди. Тўйнинг эртаси куни янги келинчак хона ҳавосини алмаштириш учун деразаларни очганида «Қайси ўйнашингга ўзингни кўрсатмоқчисан?» деган таҳдидли савол ва шапалоқ билан «мукофотланди». Бундай ноҳақ ва тутуриқсиз айбловлар куёв томонидан келинчакнинг ҳар бир ҳатти ҳаракатидан топиларди.
Хонадон газдан бўлган қарздорлиги сабабли тармоқдан қачонлардир узиб қўйилган эди. Куннинг совуқлигидан зах босган хоналар, ҳатто ҳаммомнинг йўқлиги куёвтўрани ҳечам ташвишга қўймас, аммо янги келиндан «хотинлик бурчи»ни талаб этарди. Боз устига қайнонанинг «битта нонхўр иккита бўлди» дея қарғашлари янги келиннинг кўнгилини хира қиларди. Н.нинг айтишича, бу уйда яшаш азоб, қўл телефони турмуш ўртоғи томонидан олиб қўйилгани боис уйидаги яқинлари билан гаплашишнинг ҳам иложи йўқ эди. Шундай кунларнинг бирида унинг соғлиғи ёмонлашган, бироқ турмуш ўртоғи даволанишга рухсат бермаган. Орадан икки ой ўтиб, аҳволи оғирлашгач, эри ухлаб ётганидан фойдаланиб, қўшнисиникига чиққан ва акасига қўнғироқ қилиб беришларини илтимос қилган.
Акаси келиб иситма оловида ёниб ётган синглисини тўғри шифохонага олиб бориб ётқизган. Шифокорлар унинг бир эмас, биратўла эгизакларга ҳомиладор эканлигини маълум қилишган. Бу воқеадан сўнг эса турмуш ўртоғи унинг ҳомиласини тан олмасдан, бирор марта хабар олмаган. Ҳатто эгизак фарзандли бўлгани ҳақидаги хабар ҳам эркакни хурсанд этмаган.
Шифохонадан чиққан Н. акаси яшаб турган ота уйининг икки хонасига жойлашди. Хавфли ёшдаги ҳомиладорлик, ишсизлик, бетоблик Н.ни жуда ҳолсизлартириб қўйди.
– Марказимизга келганида аҳволи жуда оғир эди. – дейди «Қалб нури» марказининг ходими Раъно Юнусова. – Унга ҳомийларни жалб қилган ҳолда имкон қадар ёрдам бердик, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасини огоҳлантирган ҳолда, фарзандларини туғилишини назоратга олдик. Эгизакларнинг бири онасининг ҳомиладорлик пайти тинч ўтмагани боис мия, асаб тизими билан боғлиқ турли асоратлар билан туғилган. Тез-тез даволатиш талаб этилади.
– Ўтган давр мобайнида бир неча бор болаларнинг отасидан алимент ундириш бўйича тегишли органларга мурожаат қилдим, – дейди Н. – Тўғри, алимент белгиланди, аммо бу маълум муддатгина тўланди. Ҳатто 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси ҳам болаларим отасининг виждонини уйғотмади. Мана яна қарийб бир йилга яқин вақтдан бери яна алимент тўламасдан қочиб юрибди. Қаерга мурожаат қилсам қонуний турмуш ўртоғим борлиги айтилиб, рад жавоби бериляпти. Фақатгина ҳужжатда бор одам менга қарши энг катта далил бўлиб турибди. Болаларим эндигина икки ёшдан ошди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармасига мурожаат қилганимда болаларимга 475 минг сўм нафақа чиқариб беришди. Аммо 2025 йилдан бошлаб бу тўлов ҳам тўхтатилди. Бугунги кунда болаларим учун бир марта шаҳар ҳокими ёрдами билан моддий ёрдам олдим. Ишга чиқиб, ишлаш учун эса қаровчим йўқ, давлат боғчалари болаларим уч ёшгатўлмагани боис уларни қабул қилмайди. Хусусий боғчага беришга имкониятим йўқ.
Ўтган давр мобайнида «Qalb nuri» маркази томонидан Н.Ўга ҳуқуқий-ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, ҳомийлар, саховатпеша юртдошларга мурожаат орқали бир неча марта моддий кўмак берилди. Акасининг уйидан ажратиб берилган хона Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан таъмирланиб, яшаш учун қулай ҳолатга келтирилди. Аммо бу билан аёлнинг муаммолари ечим топгани йўқ. Яшаб турган уйининг электр ва газдан қарздорлиги туфайли бир неча марта узиб қўйилгани, совуқ кунлардаги очлик, ҳатто оддий кундалик кийим- кечакнинг етишмовчилиги. Бир ожиза аёл бошида шунча ташвиш, шунча муаммо...
Н.Ў. судга никоҳни бекор қилиш тўғрисида мурожаат қилганда ундан давлат божи талаб қилинди. Қонунчилигимизда оилавий зўравонликка учраганларни ҳимоя қилиш бўйича яратилган ҳуқуқий асосларга кўра Оила ва хотин-қизлар бошқармасининг тавсияси билан никоҳни бекор қилиш учун давлат божи талаб этилмаслиги белгиланган. Марказ томонидан ушбу масалага ечим топиш мақсадида Жиззах вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасига мурожаат қилиниб, бошқарма томонидан фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига бож тўловидан озод қилиш бўйича даъво аризаси киритилишига эришилган. Мазкур ҳужжатда эр-хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига имконият йўқ деб топилиб, ишни кўришни кейинга қолдирмасдан ҳамда ярашиш учун муддат тайинламасдан никоҳдан ажратиш тўғрисида қарор чиқариш сўралган. Аммо суд мажлиси эр-хотинни яраштириш чораларини кўриш учун муҳлат бериш тўғрисида қарор чиқарган ва бунга тўрт ой муҳлат белгиланган.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: қонун зўравонликдан жабрланганларни муддат бермасдан ажримга рухсат берса, суд томонидан масалани ортга суришдан, бир жабрдийда аёлнинг муаммоларини янада кўпайтиришдан не наф? Ёки бу суднинг нодавлат нотижорат ташкилотига, оила ва хотин-қизлар бошқармасига ишончсизлигими? Сизнингча, ушбу ташкилотлар бирор муаммони, унинг сабабларини ўрганмай, кўр-кўрона ҳаракат қиладими? Энг қизиғи, оилавий зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра суд томонидан ярашиш учун муддат тайинланмаслик масаласи Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилиб, ушбу масала мамлакатимиздаги барча етакчи оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик хабардор этилди. Ёки суд қонунчиликка жорий этилаётган шундай муҳим ўзгаришдан бехабарми? Аёлни қийнаётган муаммоларга адолат ва қонунчилик нуқтаи назаридан ечим топиб бериши керак бўлган давлат идораларидаги айрим мулозимлардан эшитаётган эътирозларию миннатлари яна бир алоҳида мавзу.
Н.Ў. имкон қадар тезроқ расман ажрашиш, болаларига алимент олишни истайди. Аммо унинг истаги тез ва адолатли ҳал бўлиш ўрнига янада узоқроққа чўзиляпти. Бу дегани бир имконсиз аёлнинг оддий кундалик таъминотларга эҳтиёжи тобора ортиб боряпти.
– Яқинда яна судга бордим, менга турмуш ўртоғим ва ўзим яшаб турган МФЙ дан оилани тиклаб бўлмаслиги тўғрисида расмий хат олиб келишимни талаб қилишди. Мен ўзи уйдан икки болам билан зўрға чиқиб, пулсизликдан баъзан арава судраган ҳолда пиёда борсам идораларга, қандай хат олиб келаоламан, шундай расмиятчиликларни давлат ташкилотлари ўзлари ваколати доирасида бажарса бўлмайдими? – дейди Н. «Ишонч телефони»га мурожаат қилиб. – Маҳаллагаям бордим, Жиззах шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлимига ҳам учрашдим аммо, турмуш ўртоғингиз яшамайман, деб ёзиб берсин, кейин биз ёзиб берамиз, дейишди. Ахир болаларимнинг отаси ўзи алимент тўламай қочиб юрган бўлса, мен ёзма хат олиш учун уни қаердан топаман? Яна қанча вақт ишсиз, пулсиз, таъминотсиз, идорама-идора сарсон-саргардон бўлиб юраман?
Саволлар эса долзарблигича қолаверади: Қачон зўравонликдан жабрланганларга ўз вақтида, сифатли ёрдам кўрсатилади? Бундай ҳолларда фарзандлар азият чекмаслиги учун нега масъул ташкилотлар саъй-ҳаракат қилмайди?
Саволлар кўп, жавоби эса...
Дилноза Ҳайитова, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter