Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда яширин иқтисодиётга қарши кураш – ноқонуний тамаки маҳсулотига эътибор

Ўзбекистонда яширин иқтисодиётга қарши кураш – ноқонуний тамаки маҳсулотига эътибор

Ўзбекистонда давлат бюджетига жиддий зарба бераётган ва қонуний бизнес учун виждонсиз рақобат ҳосил қилаётган яширин иқтисодиётга қарши кураш олиб борилмоқда.

Бундай кураш воситаларидан бири Бош прокуратура Телеграм-ботининг ишга тушиши бўлди, у фуқаролардан яширин схемалар ривожланишини рағбатлантирувчи омилларни бартараф этиш бўйича таклифларни тўплашга қаратилган.

Янги Телеграм-бот – бу фуқаролар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги очиқ мулоқот учун платформа. У орқали иқтисодиётнинг асосий тармоқларидаги яширин айланмаларнинг олдини олиш бўйича таклифларни баён этиш мумкин.

Яширин иқтисодиётнинг энг жиддий муаммоларидан бири ноқонуний тамаки маҳсулоти саналади. Бош прокуратура маълумотларига кўра, Ўзбекистон бозорида ноқонуний сигаретлар улуши 2023 йилда 22,4 фоизни ташкил қилган, бу миқдорий ифодада 2,4 млрд дона контрабанда сигаретига тенг. Бу эса, Ўзбекистонда сотиладиган барча сигаретларнинг тақрибан чорак қисми қонуний олиб кириш ва реализация қилиш таомилидан ўтмаганлигини англатади.

Ноқонуний тамаки маҳсулоти давлат бюджетига жиддий зарар етказади. 2023 йилда контрабанда сигаретлар сотувидан бой берилган солиқ тушумлари триллион сўмни ташкил қилди. Бу салмоқли сумма бўлиб, муҳим ижтимоий дастурларни молиялашга йўналтирилиши мумкин бўларди.

Давлат бюджетига келтирадиган зиёнидан ташқари, ноқонуний сигаретлар аҳоли саломатлигига ҳам таҳдид солади. Улар сифатнинг мажбурий тасдиқланиши таомилидан ўтмайди, истеъмол қадоғида мажбурий ахборотга, жумладан чекиш зарари ҳақидаги огоҳлантиришга эга эмас. Кўпинча уларда қонуний сигаретларга қараганда кўпроқ миқдорда никотин ва қатрон бўлади, бу уларни саломатлик учун яна ҳам хавфли қилади.

Тушуниш муҳимки, ноқонуний сигаретлар саломатлик учун хавфли бўлибгина қолмай, иқтисодиёт учун ҳам зарарлидир. Улар қонуний бизнес учун виждонсиз рақобат яратади, иш ўринларини йўқ қилади ва давлат бюджетига тушумни қисқартиради.

Яширин иқтисодиётга қарши кураш – бу мамлакат иқтисодий ҳаёти барча иштирокчиларининг вазифасидир. Ўзбекистон Бош прокуратураси фуқароларни ушбу курашда фаол қатнашиб, Телеграм-бот орқали ўз таклиф ва тавсияларини билдиришга чақиради.

Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билангина яширин иқтисодиётдан ғолиб келиш ва бизнес ривожи учун адолатлироқ ҳамда шаффофроқ шароитлар яратиш мумкин.

Жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини фаол жалб қилиш, шунингдек жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда аҳоли – тамаки маҳсулотининг якуний истеъмолчиси ўртасида кенг тушунтириш ишларини ўтказиш лозим. Тамакининг зарари ҳақидаги ахборот кампанияси кенг кўламда олиб борилиши зарур. Талаб йўқолса, таклиф ҳам барҳам топади.

Умуман олганда, контрабанда тамаки маҳсулотларига қарши курашиш божхона постларида назоратни такомиллаштиришдан бошлаб, иқтисодий жиноятларга қарши кураш чораларини кучайтиришгача бўлган барча миқёсларда ҳаракатларни давом эттиришни талаб қилади. Бу балога қарши самарали кураш учун қатъий ҳаракатлар ва халқаро ҳамкорлик керак бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг