«Ўзбекнефтгаз» ва ДХХ ҳамкорликда жиноятда гумондорларни қўлга олди

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти коррупцияга ҳамда давлат табиий бойликларини талон-тарож қилаётганларга қарши курашиш учун Давлат хавфсизлик хизмати, Прокуратура ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Жумладан, Бухородаги «Газли» нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва ДХХнинг Ромитан тумани бўлими ходимлари билан ҳамкорликда «Учқир-Кулбешкак» конидаги газ қувури назорат қилинди.
Текширув вақтида газ қувурига қўлбола хомут ўрнатилиб, чўл ичкарисидаги селофандан ясалган ҳовузга пластмасса шлангдан конденсат маҳсулоти ўғирлангани аниқланган.
Ҳамкорликда ўтказилган яна бир тадбир натижасида 8050 литр конденсат ўғирлангани ҳолати фош этилган ва Ғиждувон тумани Буқтарой қишлоғидан бўлган тўрт киши, Қоракўл тумани Зиёрат ҚФЙда яшовчи уч киши ушбу ўғирликда гумон қилиниб қўлга олинган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси г-банди тартибида №062301/2020-9-сонли жиноят иши қўзғатилди.
«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти табиий бойликларни ноқонуний йўллар билан талон-тарож қилиниши ҳолатларини олдини олиш ва бу ҳолатга чек қўйиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда, кенг кўламли тадбирлар давом этишини маълум қилди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter