Прокуратура ва қонун устуворлиги: оммавий ҳуқуқий муносабатлар устидан назорат қандай амалга оширилади?

Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш устувор вазифалардан бирига айланган. Бу жараёнда прокуратура органлари муҳим ўрин тутади. Улар қонунлар қандай амалга оширилаётганини, давлат органлари ва мансабдор шахслар ўз ваколатларини қандай бажараётганини доимий равишда назорат қилади.
Илмий адабиётларда оммавий ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинган ижтимоий муносабатлар “оммавий ҳуқуқий муносабат”лар дея таърифланади. Шунингдек, оммавий-ҳуқуқий муносабат қатнашчиларининг бири томонидан иккинчисига нисбатан ўз ваколатларини амалга ошириши натижасида вужудга келиши таъкидланади.
Бир сўз билан айтгганда, оммавий ҳуқуқий муносабатлар – бу давлат ва жамиятнинг манфаатларига дахлдор бўлган, давлат органлари, мансабдор шахслар ҳамда юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар бўлиб ҳисобланади. Бу муносабатлар, асосан, маъмурий, молиявий, экологик, процессуал ва жиноят ҳуқуқи соҳаларида юзага келади.
Оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг асосий хусусияти унда иштирок этувчи томонларнинг бири, албатта, давлат ҳокимияти субъекти ҳисобланишидан иборат. Шу билан бирга, оммавий ҳуқуқий муносабатлар қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эгалигини қайд этиш жоиз:
биринчидан, субъектлар ўз ҳуқуқий мақомида тенг эмаслиги;
иккинчидан, оммавий-ҳуқуқий муносабатга киришишда ҳокимият ваколатига эга бўлган субъект иштирокининг мажбурийлиги;
учинчидан, “ҳокимият-бўйсиниш” формуласига мос равишда қурилган бўлиб, бир тараф фақат ҳуқуқий мажбуриятларга, иккинчи тараф субъектив ҳуқуқларга эга бўлиши;
тўртинчидан, жисмоний шахснинг ҳуқуқий мақоми турли кўринишда учраши, хусусан, жисмоний шахс мажбуриятларга эга тараф сифатида, мансабдор шахс эса ҳокимият бошқарув ваколатига эга тараф сифатида иштирок этиши;
бешинчидан, тараф сифатида жамоанинг, кўпчиликнинг фикрини ифода этадиган субъект сифатида фаолият кўрсатаётган жамоат ташкилотлари, бирлашмалари иштирок этиши мумкинлигидан иборат.
Ҳозирги кунда оммавий ҳуқуқий муносабатларда жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, давлат органлари ва ҳокимият ваколатларига эга бўлган турли субъектлар учрайди. Жумладан, айрим давлат вазифалари нодавлат ташкилотларига (фуқаролик жамияти институтларига) ўтказилмоқда. Бу, ўз навбатида, оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг бир томонида иштирок этувчи ҳокимият ваколатига эга бўлган субъектлар доирасининг кенгайишига олиб келади.
Масалан, қонунчиликка биноан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга мурожаат қилиши мумкин.
Мазкур ҳолатда маъмурий судда оммавий-ҳуқуқий муносабатларга доир низо кўриб чиқилаётганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳокимият ваколатига эга бўлган субъект сифатида намоён бўлади.
Прокуратура органлари оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ва қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни амалга оширади.
Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 143-моддасида ва “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасида прокуратуранинг асосий вазифалари сифатида қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш қайд этилган.
Прокурор назорати бу қонунчилик ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган фаолиятдир. У прокуратура органларининг ҳуқуқий давлат барпо этишдаги асосий механизмларидан бири ҳисобланади.
Оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан прокурор назоратининг моҳияти бу назарий асос ва амалий аҳамиятнинг бирлигида намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунида прокуратура томонидан амалга ошириладиган назорат турлари аниқ белгиланган, жумладан:
– қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан умумий назорат;
– жиноятчиликка қарши курашни амалга оширадиган органлар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат;
– ушлаб турилганларни, қамоққа олинганларни сақлаш жойларида, жиноий жазоларни ва жиноят-ҳуқуқий таъсирнинг бошқа чораларини ижро этиш чоғида қонунларга риоя қилиниши устидан назорат;
– судларда прокурор ваколатини таъминлаш ва ҳ.к.
Оммавий ҳуқуқий муносабатлар бўйича прокурор назоратини ташкил этилиши қуйидаги тартибда амалга оширилади:
– қонунчилик ҳужжатларига таянган ҳолда;
– назорат объектларини аниқлаш, яъни прокуратура органлари давлат органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар фаолияти устидан назоратни амалга оширади;
– текширувларни ташкил этиш (мурожаатлар, хабар ва маълумотлар, ҳуқуқбузарлик белгиларининг мавжудлиги асосида режали ва режадан ташқари текширувлар ўтказиш орқали);
– ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш, бунда прокурор тақдимномаси, протест, қарор, ариза ва огоҳлантирув каби прокурор назорати ҳужжатлари орқали қонун бузилишларини бартараф этиш талаб қилинади.
– тизимли мониторинг ва таҳлил – прокуратура органлари оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини мунтазам таҳлил қилиб, хулосалар ва таклифлар тайёрлайди. Масалан, атроф-муҳит муҳофазаси, энергия ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат органлари фаолиятини текширишда прокуратура назорати оммавий ҳуқуқий муносабатлар устидан назорат сифатида намоён бўлади.
Бугунги кун прокурор назорати амалиёти нуқтаи назаридан келиб чиқиб, оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан прокурор назоратини такомиллаштириш бўйича қуйидаги илмий асосланган ва амалий ечимларга йўналтирилган таклифлар илгари сурилади:
Биринчидан, соҳавий электрон мониторинг тизимларини жорий этиш ва уларни прокуратурага интеграция қилиш.
Бунда, оммавий ҳуқуқий муносабатларда солиқ, атроф-муҳит, қурилиш, саноат хавфсизлиги, тиббиёт каби соҳалардаги маълумотлар реал вақт (real-time) режимида прокуратура органлари учун очиқ ва мониторингга мос бўлиши керак.
Ушбу таклифнинг амалий фойдаси шуки, текширувдан олдин аниқ статистик асосга эга бўлиш, коррупция ҳолатларини олдини олиш ва ҳужжатбозликни қисқартириш имкони яратилади.
Иккинчидан, жамоатчилик ва фуқаролар иштирокини кенгайтириш. Назорат объектлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахслардан онлайн мурожаатлар йиғиш тизими орқали оммавий назоратни қўллаб-қувватлаш лозим. Мазкур таклифнинг амалий жиҳатдан фойдаси оммавий ҳуқуқий муносабатлар шаффофлиги таъминланишида, фуқаролик жамияти ва давлат ўртасидаги мулоқот мустаҳкамланишида намоён бўлади.
Учинчидан, “Қонун устуворлиги индекси” (Rule of Law Index) кўрсаткичларини миллий прокурор назоратида эътиборга олиш. Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги позициясини яхшилаш учун прокуратура органлари ушбу кўрсаткичларга боғлиқ ислоҳотларни назорат қилишлари таклиф этилади. Ушбу таклиф орқали халқаро эътироф, инвесторлар ишончи, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ошишига эришилиши мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, оммавий ҳуқуқий муносабатлар бу жамиятнинг барқарорлиги, ҳуқуқий кафолатлар ва фуқаролар ҳуқуқлари таъминланиши учун асосий мезон ҳисобланади. Ушбу муносабатларда прокуратура органлари томонидан амалга ошириладиган назорат фаолияти қонун устуворлигини таъминлаш ва давлатнинг ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Прокурор назоратининг институционал асосларини мустаҳкамлаш ва амалиётда уни такомиллаштириш орқали ҳуқуқий давлат сари интилишни таъминлаш мумкин.
Шерзод Зокиров,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter