Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Прописка тизими Ўзбекистон ривожига қай даражада таъсир қилади?

Прописка тизими Ўзбекистон ривожига қай даражада таъсир қилади?

Фото:«Xabar.uz»

Жорий йилнинг январь ойида Жаҳон банкининг кам таъминланганлик ва тенглик бўйича гуруҳи тадқиқотчиси Уильям Сеиз (William Seitz) Ўзбекистондаги ички миграция ва арзон уй-жой билан таъминланиш ҳолати бўйича ўтказилган тадқиқотини эълон қилинган эди. Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг пропискасига ўтишга қўйилган ҳуқуқий чекловлар Ўзбекистонда ички миграциянинг пастлиги ва шу билан мамлакат ривожига таъсир этаётганлиги қайд этилади.

Яъниким, йирик қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳарларга айлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан, бугунги урбанизация даражаси шаҳарларни комплекс ривожлантириш бўйича замонавий талабларига жавоб бермайди ва жаҳон тенденцияларидан сезиларли даражада қолиб кетмоқда.

Прописка масаласини муаммо даражасига чиқишидаги асосий сабаблардан бири ҳам шу.

Прописка асли кимдан қолган «удум»?

Чор Россияси даврида ҳокимиятнинг, яъни феодалнинг рухсатисиз деҳқонларни ер участкасини тарк этишини тақиқлаш, агарда шундай ҳуқуқбузарлик вужудга келса, уларни қайси ерга ва кимга тегишли эканлигини аниқлаш мақсадида ўзига хос пропискалик паспортлар бериш тартиби амалга оширилган. Кейинчалик собиқ иттифоқ даврида бу тартиб ижтимоийлашув ҳолатидаги антидемократик ҳолат дея бекор қилинган бўлса-да, 1933-1935 йилларга келиб, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида яна шунга ўхшаш тизим йўлга қўйилди. Натижада Совет давлатида паспорт ва пропискаси бор шахслар қатор имтиёзлларга эга бўла бошлади. Айниқса, агар фуқаро марказ ва аҳоли зич бўлган пунктларда яшаган бўлса, унда қишлоқ ёки чекка ҳудудларда истиқомат қилувчиларга нисбатан ҳуқуқлар кўпроқ бўлиши белгиланди. Паспорт ва прописка бериш биринчи навбатда Москва ва Петербург шаҳар аҳолиси учун қўлланилиб, Чор Россияси давридан қолган зодагон ва қулоқ бўлганлар ҳамда уларнинг оилаларига нисбатан умуман тадбиқ этилмас, уларни иложи борича чеккароқ ҳудудларга жойлаштиришга ҳаракат қилинарди. Паспортсиз ёки рўйхатдан ўтмаган шахс эса Совет давлати берган кўплаб ҳуқуқлардан маҳрум бўлар эди.

Кейинчалик мазкур ҳолат жиноий жавобгарлик масаласигача олиб чиқилиб, ўз ҳудудидан бошқа ҳудудга кўчиб ўтиш учун селсоветнинг алоҳида рухсатномаси, иш жойидан маълумотнома ёки ўша кўчиб ўтаётган жойида ўз ер мулкига эгалиги ҳақидаги ҳужжат, қисқаси, бюрократик талаблар қўйила бошланди.

Кўриб турганингиздек, прописка масаласи собиқ иттифоқ давридан «мерос” бўлиб, қонун билан мустаҳкамланган «удум» ёки эскилик сарқити эди.

Бошқа давлатлардаги прописка масаласи қандай?

Албатта, прописка масаласи кўп давлатларда мавжуд. Аммо у бизнинг тушучамиздаги пропискани эмас, балки рўйхатдан ўтказишни англатиб, асосан фуқаролик ёки фуқароликка эга бўлмаган шахслар ҳақида маълумотлар мажмуини назарда тутади. Собиқ иттифоқ давлатларидан деярли ҳаммасида прописка режими антиконституцион ҳолат сифатида қайд бекор қилинган ва электрон рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтилган.

Россияда прописка масаласи 1993 йил 1 октябрда - «Россия Федерацияси фуқароларининг кўчиш эркинлиги, Россия Федерациясида яшаш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган пайтдан бошлаб бекор қилинди.

Москва ва Москва вилоятида «прописка» атамаси Москва ҳукумати (1996 йил 1 январь) ва Москва вилояти маъмуриятининг (1992 йил 04 февраль) 51-8-сонли «Москва ва Москва вилоятида аҳолини рўйҳатга олиш ва чиқариб юборишнинг ягона тартиби тўғрисида»ги қарори ўз кучини йўқотиши билан муомаладан чиқарилди.

Белорусияда 2008 йил 1 январь куни Беларус Республикаси Президенти Aлександр Лукашенконинг «Фуқароларни яшаш ва яшаш жойларида рўйхатга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан прописка масаласи бекор қилинди.

Қозоғистондаги прописка институти рўйхатга олиш институти билан алмаштирилди, фуқароларга турар-жой бинолари ва уй-жой учун мослаштирилган биноларда рўйхатдан ўтишга рухсат берилди. Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 2007 йил 17 августдаги 696-сонли «Қозоғистон Республикаси аҳолисини ҳужжатлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига биноан, Қозоғистон фуқаролари иш берувчи орқали ёки адлия органларида ўтишлари ҳам мумкин.

2003 йилда Латвияда «Яшаш жойларини декларациялаштириш тўғрисида»ги қонунни қабул қилди, унга кўра, прописка институти бекор бўлди.

Украинада Конституциявий суднинг 2001 йил 14 ноябрдаги қарори билан прописка масаласи конституцияга зид деб топилди. Қонуний равишда эса прописка Украина Республикасининг 2003 йил 11 декабрдаги 1382-ИВ «Украинада юриш эркинлиги ва яшаш жойини эркин танлаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилингандан сўнг бекор қилинди.

Бошқа ривожланган давлатларда прописка масаласи фақатгина норезидентларга нисбатан қатъий қўлланилиб, ўз фуқароларига нисбатан турар-жой бўйича топишда қийинчилик туғдирмаслиги учунгина рўйхатлаштириш ишлари амалга оширилади.

Мисол учун Нидерландия ва Германияда прописка масаласи қатъий масалалардан бири ҳиссоблансада, агарда фуқаро бир ҳудудда яшаб, ўзига мос ишни бошқа бир ҳудуддан топган бўлса, электрон ёки тўғридан-тўғри иш жойи жойлашган тегишли ваколатли органга мурожаат қилади, керакли шаблонни тўлдирганидан сўнг уч кун ичида рўйхатга ўтказилади. Бунда рўйхатдан чиқариш, қайта рўйхатга олиш, ҳужжатларни солиқ, суғурта ва бошқа ташкилотларга юбориш каби ишлар рўйхатга олувчи томонидан амалга оширилади.

Японияда янги яшаш жойига кўчиб ўтгандан кейин 14 кун ичида рўйхатдан ўтиш ишларини расмийлаштирш тавсия этилади, аммо янги манзилда яшаш муддати бир йилдан кам бўлса ёки янги турар жой вақтинча бўлса ёки тез-тез доимий яшаш уйга бориб келса (мавсумда камида бир марта) рўйхатдан ўтиши шарт эмас. Ушбу норма университетлар ёнида уй-жой ижарага олган талабалар ва пойтахтда истиқомат қилувчи, аммо ўз доимий яшаш жойига тез-тез ташриф буюрадиган парламент аъзоларига тааллуқли эмас.

Хўш, прописка тизимини ислоҳ қилишга доир ҳужжат қабул қилинса, нималар ўзгариши мумкин?

Биринчидан, «прописка» тушунчаси бекор бўлиб, ўрнига «рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилади;

иккинчидан, Тошкентдан уй сотиб олишда вилоятликлар учун белгиланган давлат божининг қиммат ставкаси бекор қилинади;

учинчидан, биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларни нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқига эга бўлади;

тўртинчидан, эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар бекор бўлади;

бешинчидан, илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади;

олтинчидан, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имконияти яратилади;

еттинчидан, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 5 йилгача узайтирилишиш мумкин бўлади;

саккизинчидан, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан 15 кун яшаши мумкин бўлади;

тўққизинчидан, доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтиш муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади ва фуқаронинг хоҳишига кўра:

-ички ишлар органларида;
-давлат хизматлари марказларида;
-ягона портал орқали амалга оширилиши мумкин бўлади.

Ўнинчидан, доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечилади ва бу жараён рақамлаштирилади;

ўн биринчидан, доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилинади.

Хуллас, таклиф этилаётган лойиҳа аҳоли учун энг қулай яшаш шароитини яратишдир. Барча ислоҳотлар, ресурслар шу вазифани бажаришга йўналтирилган.

Ўйлаймизки, мазкур ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси муҳокамасида барча фаол қатнашиб, ўз фикр ва таклифларини билдириши мақсадга мувофиқдир. Зеро, амалга оширилаётган ислоҳотларда аҳолининг фаол иштироки унинг самарадорлигини таъминлайди.

Анвар Раҳматов,
Адлия вазирлиги қошидаги
Юристлар малакасини ошириш маркази директори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг