Қашқадарёда ушланганлар орасида имом ноиби ҳам бўлгани инкор қилинди
ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Деҳқонобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда «Жиҳодчилар» оқими тарафдорларидан иборат ноқонуний гуруҳ аниқлангани, улар орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар борлиги айтилганди.
Мусулмонлар идораси бунга муносабат билдириб, имом ноиби деб айтилган шахс аслида бошқа касб эгаси эканини маълум қилди.
Қайд этилишича, мутасадди идоралар билан олиб борган мулоқотлар натижасида ушбу хабарда гуруҳ аъзолари қаторида келтирилган масжид имом ноиби аслида бошқа касб эгаси экани аниқланди.
«Таъкидлаш жоизки, бугунги мураккаб даврда ҳушёрлик ва огоҳлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа эканини теран англаган имом-хатиблар, имом ноиблари ва диний соҳа ходимлари бузғунчи ғояларга қарши кураш ишларида фаол иштирок этмоқда.
Ўз навбатида, ёлғон ёки тасдиқланмаган ахборотни тарқатиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши, шунингдек, Ислом дини таълимотларида қаттиқ қораланганини алоҳида таъкидлаймиз.
Халқимиз, айниқса, ёшларни интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали дин ниқобидаги шахсларни жиҳод, ҳижрат тушунчаларини ўзларининг ботил даъволарига мослаб талқин этаётган даъватлардан огоҳ бўлишга чақирамиз», — дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter