«Қорақўтон» конидан катта миқдорда олтин ўғирлаганларга ҳукм ўқилди
2019-йилнинг июн ойларида «Навоий кон – металлургия комбинати» давлат корхонаси тасарруфидаги «Қорақўтон» конида ишловчи 38 ёшли З.Х. таркибида олтин бўлган маъданли тошларни ўғирлаш мақсад қилади. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
З.Х. коннинг бошқа ишчилари 28 ёшли Ф.А., 30 ёшли Б.С., 35 ёшли А.Р., 30 ёшли И.Ж., 28 ёшли Б.Б., 32 ёшли Ш.Б., 30 ёшли Л.А., 23 ёшли Ж.Ж., 26 ёшли Ж.А., 34 ёшли Т.Х., 29 ёшли Б.С., 27 ёшли М.С., 41 ёшли С.О., 32 ёшли Ф.А. ва 31 ёшли Х.К.лар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, жиноий рол ва вазифаларини тақсимлайди. Унга кўра, 5 кунлик иш ҳафтаси, яъни 2019 йилнинг 13-17 июн кунлари давомида қонунга хилоф равишда таркибида олтин бўлган маъданли тошларни қазиб олиб, йиғишиб, уларни қопларга жойлаб, сменанинг охирги куни ер ости кон техникалари ёрдамида шахтанинг кириш жойига олиб чиқиб қўяди. Сўнг, жами баҳоси 438.039.729 сўмлик, таркибида 1176,96 гр. олтин ва 1210,52 гр. кумуш бўлган умумий оғирлиги 9930 кг. маъданли тошларни «МАЗ» русумли навбатчи юк автомашинасида яширин равишда кон ҳудудидан олиб чиқиб кетишга эришишади
Шундан сўнг, 2019-йил 18-июн куни тахминан соат 02:30 ларда Б.С. ва С.М.лар умумий оғирлиги 5540 кг. бўлган маъданли тошларни олиб чиқиб кетмоқчи бўлишганида Пахтачи тумани Зиёвуддин шаҳарча ИИБ ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳар бир иштирокчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а,в» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан жуда кўп миқдорда содир этилган ўғирлик) билан айблов эълон қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг 2019 йил 18 декабр кунидаги ҳукмига кўра, ҳар бир шахсга жиноят содир этишдаги иштирокчилик даражасини ҳисобга олиб, тегишли моддалар билан айбдор деб топилиб, З.Х.га 9 йил 6 ой, Ф.А.га 8 йил ва бошқаларга ҳам турлича муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter