«Қозонни қандай ёпамиз?». Мусулмонлар идорасида бўлаётган ажабтовур ишлар ҳақида
Яқинда сайтимизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси таркибидаги «Мовароуннаҳр» нашриётида бўлаётган ишлар, хусусан «Ҳидоят» журналининг обуна пуллари, нашриёт ва «Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси» масъулияти чекланган жамияти ўртасидаги ғалати-ғалати молиявий муносабатлар ҳақида «Ҳидоят» журнали обуна пуллари қаёққа кетди?» сарлавҳали мақола жойлаштирилганди.
«Azon.uz»дан олиб берилган мақола наинки сайт ўқувчилари, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари эътиборини тортдики, бу масала жиддий эканига далолат қилади. Рост-да, «Ҳидоят» журнали чоп этиш харажатлари учун «Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси» МЧЖ ҳисоб-рақамига йил бошидаёқ «кўтарасига пул ўтказилгани», бироқ ўтказилган миллиардлаб маблағ йил яримига етиб-етмай сарфланиб-йўқотилиши, бундай сирли «операциялар» оқибатида обнучиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етаётгани, энг оғриқлиси – нашриёт ва босмахонани бирлаштириш орқали «очилаётган қозонни ёпишга» ҳаракатлар бошлангани кишини ўйлантирмай қолмайди, албатта. Бундай хатти-ҳаракатлар дини-у диёнат маскани бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида бўлаётгани эса икки карра оғриқлидир.
«Azon.uz» воқелик бўйича янги маълумотларни қўлга киритди ва мавзу қайтиб, «Қозонни қандай ёпамиз?» сарлавҳали иккинчи мақолани эълон қилди. Мазкур мақолани биз ҳам чоп этишни маъқул деб билдик.
***
«Ҳидоят» журналининг обуна пуллари қандай сарфланаётган ҳақидаги биринчи мақолада маълум қилинган амалиётлардан соҳа раҳбари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов хабардормикан, деган табиий савол туғилган эди. Энди ишонч билан айта оламизки, муфтий бу гаплардан жуда яхши хабардор бўлган. Ҳатто бу ишлар бошида муфтий турмаганмикан, деган хаёлга ҳам борасан киши.
Хўш, нега дейсизми?
Чунки муфтий шу яқин орада икки-учта ҳужжатга шошилиб имзо чеккан.
Уларнинг биринчиси Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Ҳайъатининг 2020 йил 22 июндаги 06-сонли мажлис баёни. «Рўйхат асосида 17 киши» дейилган, аммо қайси уламолар қатнашгани ёзилмаган. Кун тартибида битта масала – «Мовароуннаҳр» нашриётини «Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси» масъулияти чекланган жамияти таркибига қўшиб юбориш.
Иккинчи ҳужжат — Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йил 02 июлдаги 01А 88-сонли буйруғи.
Нима учун ушбу ҳужжатларни «шошилинч имзоланган» деб атадик. Биринчидан, «Мовароуннаҳр»дек нафақат мамлакатимиз, балки яқин хорижда ҳам таниқли нашриёт номини ўчириш учун асосли сабаб бўлиши керак эди. Ахир «Мовароуннаҳр» шўролар даврида бутун собиқ Иттифоқда ташкил этилган ягона диний нашриёт эди-ку? Мустабид тузумки, шу номда нашриёт очиб, фаолиятига йўл қўйиб берган экан, бугун ҳеч бир сабабсиз уни тугатиб, номини ўчирсак, қандай иш қилган бўламиз?
Иккинчидан, Олий ҳайъат мажлиси қарорининг 4-бандида «Мовароуннаҳр» нашриётини «Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси» МЧЖ га бирлашиши ҳисобини тўғри акс эттириш мақсадида жараённи «қўшиб юбориш» амалиёти танлансин», (айнан кўчирма) дейилган. Қарорнинг 5-бандида: «Мовароуннаҳр» МЧЖ «Топшириш ҳужжати ва тақсимлаш баланси»ни ишлаб чиқсинлар ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тақдим этсинлар», дейилган. Эътибор берилса, ҳар иккала бандда ҳам фақат «Мовароуннаҳр» ҳақида гап кетмоқда. «Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси» МЧЖ ҳам мол-мулкини инвентаризация қилиши кераклиги ҳақида лом-лим дейилмаяпти. Нега? Корхоналарни бир бирига қўшиб, янги биттасини ташкил этиш шунақа бирёқлама амалга ошириладими? Ахир бундай йўл тутишда бирлаштирилаётган МЧЖларнинг бирида (айни вазиятда «Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси»да) мол-мулк ва маблағларни яшириб қолиш, ноқонуний ўзлаштириш учун яхшигина имконият пайдо этилмайдими? Шундай қарор ва буйруқ билан муфтий шошилганча ҳалолни ҳаромга, ростни ёлғонга қўшиб юбормайди деб ким кафолат беради? Шундоқ ҳам «Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси» МЧЖда бир йилга етиб ортарли катта маблағ негадир тез тугаб қолгани айтилаётган бўлса... бу ҳужжатларда айни шу нарсани яширишга уриниш бордек гўё.
Учинчидан, Олий ҳайъат мажлиси қарорида ҳам, муфтийнинг буйруғида ҳам, энг асосий нарса — даврий диний-маърифий нашрлар ва обуначиларнинг ҳақлари борасида ҳеч нарса дейилмаган. «Китоблар, нашр маҳсулотлари сифати, савияси» хақида гап бор, холос.
Дейлик, янги ташкил этилган жамият раҳбарияти ушбу хужжатларга сўзма-сўз амал қилиб, даврий диний-марифий нашрларни тайёрлаш, чоп эттириш, етказиб беришга панжа орасидан қараса, ўлда-жўлда ташлаб қўйса, нима бўлади? Чунки қўлида Олий ҳайъат қарори, муфтийнинг буйруғи ҳам бор. Уларда газета, журнал тилга олинмаган, бу хусусда бирор кўрсатма ёки топшириқ берилмаган.
Тўртинчидан, Олий ҳайъат қарорининг 8-, 9-бандларида «Қайта шаклланган МЧЖ Уставида таъсисчининг уни бошқаришдаги роли, кенг ҳуқуқи, орттирилган соф фойдани тақсимлаш ва йирик битимларда қатнашиш ҳамда бошқалар юзасидан» тегишли бандлар киритилсин», деб кўрсатма берилган. Оммавий ахборот воситалари фаолиятига таъсисчининг бундай «кенг» аралашуви амалдаги қонунчиликка тўғри келиш-келмаслиги ўрганилмаган.
Саналган сабабларга кўра, муфтий имзолаган ушбу ҳужжатларни юмшоққина қилиб «шошилинч имзоланган» дедик. Муфтий Усмонхон Алимовнинг «Моварауннаҳр» нашриёти ва «Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси» фаолиятида кечган ушбу воқеалардан аниқ хабардор экани ҳам ойдинлашди.
Муфтийларча шошқалоқликнинг сабаблари, мақсадлари ва оқибатлари эса алоҳида мавзу.
Абдураҳим Холиқназаров
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter