Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Қувалик қиз ўғирланмаганмиди? Ўғирланган қизлар — барбод бўлган тақдирлар…

Қувалик қиз ўғирланмаганмиди? Ўғирланган қизлар — барбод бўлган тақдирлар…

Коллин Стэн. Тобутдаги етти йиллик ҳаёт

20 ёшли америкалик Коллин Стэн Шимолий Калифорниядаги дугонасининг туғилган кунига бориш учун йўловчи машинани тўхтатади. Ҳар доимги одатига кўра машина ичига кўз югуртиради. Ишонса бўлади: машинада ёш оила фарзанди билан. Аммо бу ишонч Коллин Стэнга қимматга тушади.

Коллин Стэн

Машинада қиз ғалати тобутга ўхшаган қутини кўрадию, аммо бунга аҳамият бермайди. Эр-хотин Кемерон ва Жанис машинани овлоқ жойга тўхтатиб, қизнинг оёқ-қўлини боғлайди. Ана шу тахлит қизнинг «тобут»даги ҳаёти бошланади. Коллинни Калифорниядаги кичик шаҳарчага — Ред Блуффга олиб келишади. Кемерон Хукернинг биринчи қилган иши — асирни қўллари билан тепага осиш, қаттиқ калтаклаш ва зўрлаш эди. Ўша вақтдан бошлаб Коллин Стэн учун ҳақиқий жаҳаннам бошланди, бу – етти йил давом этди. Қизни қийноққа солган жуфтлик унинг руҳий ва жисмоний азоб-уқубатларидан чинакам завқ олишган. Буларнинг барчасидан кейин қиз яна занжирбанд қилинган ва ёғоч қутига жойлаштирилган.

Кемерон ва Жанис Хукер Стэнни шунчалик қўрқитишганки, қандайдир компания қизларни олиб қочиш билан шуғулланишига, улар шу компания ишчилари эканлигига, қаерга қочмасин барибир топиб олишларига ишонтиришган. Шунинг учун Коллин уларни талабига сўзсиз бўйсунган.

1981 йил, яъни уч йиллик асирдан сўнг, Кемерон Стэнга уйига боришга рухсат берди. Уйига Кемерон, гўёки «йигити» билан борган қиз нима бўлаётгани ҳақида гапирмади. Бунинг ўрнига ота-онасидан куёви билан «бахтли лаҳзани» ёнма-ён суратга олишни сўради. Камероннинг хотини Жанис узоқ вақт ўзи билан ўзи курашди ва ниҳоят, 1984 йил августда аёл Стэнга бор ҳақиқатни айтди. Ҳеч қандай ташкилот йўқлигини, қочиб кетиши мумкинлигини… Қиз бирмунча вақт ошкор қилинган ҳақиқатга ишонмади, лекин Жаниснинг ёрдами билан қочиб кетди. Кемерон бир нечта моддаларда айбланиб, 104 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Жайси Ли Дюгард. Ўғирланган ҳаёт

Калифорниялик мактаб ўқувчиси Жайси Ли ўқишдан уйга қайтаркан, ҳайдовчи йўлни сўраса керак деган мақсадда ёнида тўхтаган машинага яқинлашди. Аммо электрошок билан ҳушсизлантирилган қизалоқ Антиока шаҳри яқинида жойлашган уйда ўзига келди.

Жайси Ли Дюгард

Уни ўғирлаб кетган Филипп Гарридо 18 ёшида гиёҳванд моддаларни сақлаш ва сотишда айбдор деб топилган ва уч йилдан сўнг у 14 ёшли қизчани зўрлаганликда айбланган, аммо жабрланувчининг кўрсатма беришни истамаслиги сабабли иш тўхтатилган. 1994 йил августида ўн тўрт ёшли Жайси Ли қиз туғди ва 1997 йил ноябрда у яна бир қизалоқни дунёга келтирди. Фақат 2009 йилга келибгина Жайси Лининг тутқунлигига барҳам берилади. Аммо Жайси Ли Гарридо билан бир оила бўлишга улгурган, зўровонликка барҳам берилган эди.

Гарридо ҳибсга олингандан сўнг Жайси Ли оиласи бағрига қайтган бўлса-да, отасининг айтишига қараганда, қиз Гарридо билан кучли ҳиссий муносабатда бўлишни давом эттирган. Ноилож шунақаси ҳам бўларкан. Дюгард ўзи билмаган ҳолда жиноятчига ўрганиб қолган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Балки бу психологлар тили билан айтганда, стокголм синдромидир. Шунинг учун узоқ вақт давомида у интервю беришдан бош тортди, аммо вақт ўтиши билан у «Ўғирланган ҳаёт» деб номланган хотиралар китобини нашр этди, унда у бошдан кечирган доимий изтироблари ҳақида ёзган.

Гарридо ақлдан озган деб эълон қилинганига қарамай, 43 йилга, бу жиноятни яширган унинг рафиқаси эса 36 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Наташа Кампуш. Саккиз йил маняк қўлида

Веналик Наташа Кампуш Волфганг Приклопил томонидан ўғирлаб кетилганида 10 ёшли қизалоқ эди. Саккиз ярим йил давомида у подвалда, оғир бетон эшик орқасида, бошқалар кўз ўнгидан яширилган ҳолда яшади. Кейин у қочишга муваффақ бўлди.

Озод қилинганидан тўрт йил ўтиб, Наташа Кампуш ўзининг фожиаси ҳақида китоб ёзди. Унинг номи «3096». 44 ёшли Волфганг Приклопил қиз қочиб кетган куниёқ ўз жонига қасд қилади.

 Сано Фусако. Тўққиз йиллик асирлик

Тўққиз ёшли япониялик Сано Фусако 1990 йил 13 ноябрда мактабдан уйга қайтмади. Полициянинг қидируви натижа бермагач, иш ёпилади ва орадан тўққиз йил ўтгач, 2000 йилда кекса аёлнинг тажовузкор ўғли ортидан қилинган шикоят орқали қизчани топишади.

Тўққиз йил ва икки ойдан сўнг Фусако топилди. Ўғирлаш жойидан 55 километр узоқликдаги яқин шаҳарчадаги хусусий уйдан!

Сано Фусако

Жиноят содир этилаётганда 28 ёшда бўлган Нобуюки дастлабки бир неча ой ичида уни деярли ҳамма вақт каравотга боғлаб қўйган, қичқирмоқчи ёки йиғламоқчи бўлгани учун уни калтаклади, агар у қочишга уринса, уни ўлдираман деб қўрқитди, шундан кейин у ўзининг «таълими» учун электрошокер ишлата бошлади.

Доимий ҳаракатсизлик ва ёмон овқатланиш Фусаконинг соғлиғига ўз таъсирини кўрсатди, ҳолсизланган қизалоқ қочишга уринмасди ҳам. Шунга қарамай, Нобуюки Фусакога телевизор кўришга ва радио тинглашга, ўқишга рухсат берди, у билан тез-тез турли мавзуларда суҳбатлашди, шунинг учун Фусако ақлий ривожланишда тенгдошларидан қолишмади.

Нобуюкининг онасига келсак, иккинчи қаватга чиқиши қатъиян ман этилган, шунинг учун у қизча ҳақида ҳеч нарса билмаган. 2000 йилда Нобуюкининг руҳий ҳолати ёмонлашгани ва у онасига нисбатан тажовуз қила бошлагани боис, онаси шифокорларга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Шифокорлар Нобуюкининг руҳий ҳолати яхши эмаслиги туфайли мажбурий касалхонага ётқизиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилдилар — иккинчи қаватдаги хонани бузиб кирадилар. Унинг хонасидан тўшакда озғин, рангпар, қўрқиб кетган қизни топадилар. Фусако чарчаган, белини кўтаролмас, оёқлари шу қадар заиф эдики, зўрға юрар эди.

Психиатрия клиникасида даволанишдан сўнг Нобуюки судга берилди, у 14 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Девайн Аркинс: Занжирбандликда...

2016 йили австралиялик эркак 24 ёшли турист, белгиялик Девайн Аркинсни ўғирлаш ва зўрлашда айбдор деб топилди. Туристни икки кун давомида ўз фермаси яқинидаги чўчқахонада сақлаган 54 ёшли Жан Чарлз Бристов айбини тан олмади.

Прокурор Майкл Фундаснинг таъкидлашича, Бристов фермага келганидан кейин аёлни сохта тўппонча билан қўрқитган ва кейин уни чўчқахонага қамаб қўйган. Занжирбанд қилинган Девайн Аркинс ёнида турган эски музлаткич ичидан қармоқ учун ясалган илгаклардан фойдаланган ҳолда ўзини занжирдан озод қилади ва жиноятчининг эътиборидан четда қолган сумкасидаги ноутбук орқали ўғирлаб кетишгани ҳақида хабар қолдиради, аммо қочишга уринмайди. Сабаби агар у қочишга уринса, отиб ташлашларидан қўрқади.

Бристов шаҳарга чиққанида полиция йўлда тўхтатиб шубҳаланганидан қўрқиб, фермага қайтиб келади ва қизни озод қилади. Уни шаҳардаги меҳмонхона олдига ташлаб кетаркан «Ҳеч нарса бўлмагандай, одамларда шубҳа уйғотмай уйинга жўна» дейди. Бристов айбини тан олмайди, аммо далилий ашёлар уни «сотиб» қўяди — 18 йилга қамалади.

Катя Мартинова ва Лена Симахина. Тўрт йилда уч фарзанд

2000 йил кузида Рязанлик 14 ёшли Катя ва 17 ёшли Лена шаҳар марказига таътилга келишди. Дискотекадан чиққан қизлар такси тутишди. Ҳайдовчи уларга гўё меҳрибонлик қилиб таркибида уйқу дориси қўшилган шарбат узатди. Қизлар уйқудан уйғонганида уйларидан 100 километр узоқликда эди. Қизларнинг асирликдаги ҳаётлари ана шундай бошланди.

54 ёшли чилангар Виктор Мохов уларни уч йилдан бери қураётган қоронғи ертўлага жойлаштирди. Ертўла деворлари қалинлигидан уларнинг қичқириғи эшитилмасди. Мохов ҳар сафар ишга кетаётганда, улар учун электр энергиясини узиб қўяр, тартибсиз равишда озиқ-овқат ва сув берарди — бир челак озиқ-овқат қолдириб, бир ҳафта ичида йўқ бўлиб кетиши мумкин эди.

Катя ва Лена сақланган ертўла

Қизлар тирик қолиш учун овқатни тежашни ўргандилар. Уч ой ўтгач, Лена ҳомиладорлигини билиб қолди. Ўша зах ва қоронғу ертўлада кўзи ёриди. Унга 14 ёшли Катя доялик қилди. Аммо Мохов болани олиб, қаергадир ташлаб келади. 2003 йил 6 июн куни Лена иккинчи ўғлини туғди. 4 ойдан сўнг Мохов уни ҳам онасидан тортиб олди. Орадан деярли 4 йил ўтгач, асирлар озод қилинди! Лекин қандай?

Бир талаба Моховнинг онасидан бир хонани ижарага олади. Виктор учун бу янги ўлжа эди. Асирларнинг бирини талаба қизга «жияни» деб таништиради. Аммо талаба қизда бу кир ва рангпар «жиян» шубҳа уйғотади. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан шубҳа ўз тасдиғини топади — маълум муддат озодликка чиққан «жиян» унга мактубча беришга улгуради: «Лена Симахина, Катя Мартинова. Виктор менинг амаким эмас. Хатни полицияга олиб боринг». Тез орада Виктор ҳибсга олинади ва 17 йилга озодликдан маҳрум қилинади.

Розия. Тутқунликда бир ой

Ижтимоий тармоқларда Қува туманида аёл ва қизни уч нафар шахс зўрлик ишлатиб олиб кетиб, бир ой давомида ушлаб турганлиги ва номусига текканлиги, ушбу ҳолатдан сўнг ҳомиладор бўлиб қолган қиз ўтган йил декабрида туққанлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Фарғона вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан ўрганиш натижаларини маълум қилди. 

«Мурожаат бўйича Қува тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилди. Аммо С.Р.ни зўрлик ишлатиб номусига тегилганлиги, олиб кетилганлиги ва асоссиз ушлаб турилганлиги ҳақидаги важлари экспертиза хулосаси, тушунтириш хатлари ва иш юзасидан тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топмаган.

Мурожаат юзасидан Қува тумани ИИБ томонидан охирги маротаба 2020 йил 12 декабрда жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.

Ўрганиш давомида текширув жараёнини бевосита назорат қилган Қува тумани прокуратураси ходимлари хатти-ҳаракатларида қонун бузилиши ҳолати аниқланмади», дейилади прокуратура хабарида.

Аммо танганинг иккинчи томони борлигини, қиз ўзини ўғирлаб кетганлигини иддао қилинаётгани ва бир неча ташкилотларга мурожаат қилганлиги эътибордан четда қоляпти. Биз юқорида бекорига ўғирлаб кетилган қизлар тақдирини мисол келтирмадик.

Розиянинг хатлари

Масалан, Коллин Стэн ўғирлаб кетилган йигит билан ота-онасининг олдига боргани ва «бахтли лаҳзалар»ни суратларга муҳралагани ёки бўлмаса, Ли Дюгарднинг матбуотга интервю беришни истамаганичи. Ҳаттоки, у атай қочиб кетмаган деган тахминлар бўлган. Кейинчалик суд залида бошидан ўтказганларини айтиб берганида залда ўтирганлар ҳатто йиғлаб юборишган. Шунда ҳам Дюгард эркакни айбдор санамаган. Аммо жиноятчига 43 йил қамоқ жазоси беришади. Уларнинг ҳуқуқ идоралари қиз эркакни айбдор деб ҳисобламаяпти, деган баҳона билан жиноий иш очиб ўтирмасликлари, эркакни жазоламасликлари мумкин эдику.

Қолаверса, қиз йигити билан ота-онасини таништиргани, гўё бахтли лаҳзаларини суратга олганликлари эркакни айбламаслик учун асос бўла олмас эдими? Ёки бўлмаса, белгиялик Девайн Аркинс ўз оёғи билан иш излаб фермага боргани ва бир кун ўтиб меҳмонхонага соппа-соғ қайтарилгани туфайли ҳеч қандай жиноят аломатлари йўқ, деган сабабни кўрсатишлари осонроқ эмасмиди полициянинг?

Қувада бўлган ҳолатда шубҳа уйғотадиган яна бир ҳолат – қиз ўғирланганини хабар берган бир аёл воқеалар ривожидан, гувоҳликдан йўқолиб қолгани!

Қолаверса, агар Розия ўз хоҳиши билан Диёрдан ҳомиладор бўлса, у билан бир ой яшаган вояга етмаган йигит, ҳатто болани тан олиб турган бўлса, қиз уларни ўғирлаб кетишда айблашидан не маъно?

Айниқса, ижтимоий тармоқларда тарқаган Розиянинг ўз қўли билан ёзилган хатда айтилишича, Диёрнинг акаси Тоҳир «агар бу ерда бўлганингни ва бўлган ишларни бировга айтсанг, видео ва расмларни интернетга тарқатвораман» дея қўрқитгани, бир ой ўтгач қиз шикоят хатида кўрсатиб ўтганидек қизни Диёрнинг акаси ички ишлар идорасига олиб келиб топширгани Девайн Аркинснинг меҳмонхонага ташлаб кетилган воқеасини, юқорида мисол келтирилган қизлар тақдирини эслатмаяптими?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг