«Сардоба иши»га дахлдор мансабдор шахслар сони кўпайди
Жорий йилнинг 1 май куни юз берган «Сардоба» сув омбори тўғони ўпирилиши ва натижада катта ер майдонларини сув босиши ҳолати бўйича Жиноят кодексининг 207-моддаси, 258-моддасида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, терговда тергов, тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилди.
Аввалроқ ушбу ишга алоқадор 9 нафар шахс устидан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинганди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновнинг қайд этишича, «Сардоба иши»га алоқадор шахслар сони ошган.
Ҳозирги вақтда тергов органи томонидан тўғоннинг лойиҳаланиши, қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига даҳлдор 17 нафар шахс, жумладан буюртмачи «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК, лойиҳачи «UzGip» МЧЖ, бош пудратчи – «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК, пудратчи ташкилотлар «Резаксой сув қурилиш» УК, «Омад Дубл» МЧЖ, «Сариосиё қурилиш» МЧЖ, «Транс Сервис Комплекс» МЧЖ, «Тўпаланг Шеробод» ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахсларининг бир гуруҳи тегишли (167, 203, 205, 207, 209, 258) моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилиб, айбланувчиларнинг 7 нафарига қамоққа олиш, 6 нафарига гаров, 4 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши доирасида тегишли идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари давом эттирилмоқда. Айбдор шахсларни аниқлаш билан бирга етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter