Сенатнинг суд корпусини шакллантиришдаги ваколатлари кенгаяди

Сенат энди Судьялар олий кенгаши аъзоларини сайлаш жараёнида фаолроқ иштирок этади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 19 ноябр куни Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида қилган нутқида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш йўлидаги ушбу муҳим янгиликни эълон қилди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, Сенатнинг мазкур конституциявий ваколати фақат номзодларни тасдиқлаш билан чекланмаслиги керак. Юқори палата қўмиталари номзодларнинг фаолияти билан танишиб, улар ҳақида хулоса тайёрлаш ва очиқ-ошкора баҳолаш амалиётини йўлга қўйиши зарур. Бу эса судьяликка муносиб, малакали кадрларни танлаш жараёнини янада такомиллаштиради ҳамда судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги масъулиятини оширади.
Хорижий давлатлар тажрибаси ҳам бу йўналишда муҳим аҳамиятга эга.
Масалан, Россия Федерациясида судья лавозимига номзодлар Федерация Кенгаши қўмитасида махсус тартибда кўриб чиқилади, номзодлар муҳокама қилинади ва яширин овоз бериш орқали қарор қабул қилинади.
Қозоғистонда ва Тожикистонда ҳам парламент Сенатида судья номзодларини муҳокама қилиш ва уларни рад этиш ёки тасдиқлаш тартиблари қонунчилик билан белгилаб қўйилган.
Шу асосда, Ўзбекистон Сенатида ҳам судьяликка номзодларни дастлабки тарзда масъул қўмита кўриб чиқадиган ҳуқуқий механизмларни жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Бу жараёнда номзодларнинг касбий фаолиятини таҳлил қилиш, шахсий сифатларини баҳолаш ва очиқ хулоса тайёрлаш тартибини аниқ белгилаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Бу ислоҳотлар Сенатнинг суд корпусини шакллантиришдаги ролини кучайтиради ва суд тизимининг янада мустақил ва самарали фаолият олиб боришига замин яратади.
Шуҳрат Мирзаев,
Ўзбекистон Республикаси
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
бош илмий ходими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter