Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Суд ҳужжати ижросига аралашув энди қимматга тушади

Суд ҳужжати ижросига аралашув энди қимматга тушади

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Мазкур қонун билан Жиноят кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги ва бошқа қонунларга бир қатор қўшимча ҳамда ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, суд ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига аралашганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.

Жиноят кодекси 2321-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, суд ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига аралашиш, яъни ижрога тўсқинлик қилиш ёки давлат ижрочисига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш маъмурий жазо қўлланганидан кейин давом эттирилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мазкур қилмиш мансабдор шахс томонидан содир этилса, ҳуқуқбузар муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эндиликда йирик битимлар тузиш, молия-кредит хизматларини кўрсатиш, халқаро йўловчи ташиш ва давлат хизматларини кўрсатишда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик борлигини текширмаслик ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунингдек, қонун билан ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланди. Унга мувофиқ, соддалаштирилган тартибда ундирув қарздорнинг мол-мулкига (пул мустасно) қаратилмайди, қарздорга жавобгарлик чоралари ҳам қўлланмайди. Соддалаштирилган тартибда ундирув банкдаги пул маблағига, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кўп бўлмаган суммани ундириш учун эса иш ҳақи, стипендия, пенсия ва бошқа даромадларга қаратилади.

Элмуроджон Ортиқов,
Фарғона туманлараро маъмурий суди судьяси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг