Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Термизнинг собиқ ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳибсга олинди

Термизнинг собиқ ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳибсга олинди

Фото: «Xabar.uz»

Ҳуқуқ-тартибот органлари Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев, унинг икки нафар ўринбосари ва яна 4 нафар мансабдорни ҳибсга олди. Улар «Яшил дунё» савдо мажмуаси қурилиши давомида 14,8 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумонланмоқда, деб хабар берди «Газета.uz».

Маълум қилинишича, Исроил Худойбердиевга Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) ҳамда 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Эламановга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддасининг «а» банди билан (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича айблов эълон қилинган. Собиқ ҳоким қамоққа олинганидан бир неча кун ўтгач, у ҳам эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган.

Бундан ташқари, 2017−2018 йилларда ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари сифатида ишлаган Шуҳрат Раҳмонқулов ҳам қамоққа олинган ва жиноят ишига жалб қилинган.

Тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Худойбердиев 2017 йилдан 2022 йилгача Термиз шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритган. 21 сентябрь куни лавозимидан бўшатилиб, ўрнига янги ҳоким тайинланганди. Орадан 3 кун ўтиб собиқ ҳоким қамоққа олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг