Тошкентда «маски шоу» ўтказилгани ҳақидаги хабарларга расмий изоҳ берилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкентда жойлашган тўлов компаниялардан бирига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари киргани ва компаниянинг бир нечта ходимларини ҳибсга олгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувида фуқароларнинг пластик карталаридан 12 миллиард сўм миқдоридаги пулларнинг ўғирланганлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси («Ўғирлик») билан жиноят иши тергов қилинмоқда.
«Жиноятни тўлиқ фош қилиш ва жиноят учун жазо муқаррарлиги принципини таъминлаш, фуқароларга етказилган моддий зарарни қоплатиш чораларини кўриш мақсадида бир қатор тергов-тезкор ҳаракатлар олиб борилмоқда. Тергов жараёнида пластик карталардаги пуллар турли тўлов тизимлари орқали хорижий давлатларга чиқиб кетганлиги аниқланган.
Мазкур жиноят иши доирасида пойтахтдаги тўлов тизими компанияларидан бирида текширув ўтказилган. Текширув жараёнида ҳеч ким ҳибсга олинмаган, компания масъул ходимларидан ҳолат юзасидан тушунтириш олинган.
Жиноят иши якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter