Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пойтахтда кабобхона ва тандирлар бўйича текширувлар бошланди

Пойтахтда кабобхона ва тандирлар бўйича текширувлар бошланди

Санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари ҳамда экология соҳасидаги ваколатли органлар ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида белгиланган талабларга риоя қилмаган ҳолда фаолият юритаётган сомса, кабоб, мангал ва бошқа савдо нуқталарида назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

“Текширувлар давомида чиқиндиларни тозалаш ва тутунни зарарсизлантириш бўйича муҳандислик ечимларига эга бўлмаган ҳолда пиёдалар ҳудудлари ҳамда турар-жой бинолари яқинида тандир, печ ва мангалларни жойлаштирган объектлар аниқланмоқда. Қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мувофиқ келмагунча бундай савдо нуқталари фаолияти вақтинча тўхтатилиши белгиланган”, дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.

Қайд этилишича, тозалаш ва самарали тутун чиқариш тизимларисиз ишлаш аҳоли саломатлигига хавф туғдиради, шаҳар экологик муҳитига салбий таъсир кўрсатади ҳамда фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Тадбиркорлик субъектларига қисқа муддатда фаолиятни қонунийлаштириш, санитария талабларига қатъий риоя қилиш, филтрлар ва самарали тутун чиқариш тизимларини ўрнатиш, шунингдек, технологик жараёнларни экологик меъёрларга мослаштириш тавсия этилмоқда.

Рейдлар давом этаётгани, қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши билдирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг