Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда вафот этган италиялик актёр ўлими тафсилотлари маълум қилинди

Тошкентда вафот этган италиялик актёр ўлими тафсилотлари маълум қилинди

Пойтахтнинг Миробод туманидаги ижара хонадонида Италия фуқароси — 27 ёшли актёр Гено Жоржо (Gheno Giorgio)нинг жасади топилганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Хабарларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси манбасига таянган ҳолда, йигитнинг жасади топилгани ҳақида 16 феврал куни соат 23.00 да Миробод тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига Гено Жоржо вақтинчалик прописка асосида истиқомат қилган хонадон эгаси хабар қилганлиги айтилган. Қайд этилганки, воқеа жойини кўздан кечириш давомида кириш эшиги бузилмаганлиги, хоналарда буюмлар ўз жойларида турганлиги, марҳум зўравонлик билан ўлдирилганлигининг излари топилмаган. ОАВнинг ёзишларича, ўлим сабаблари аниқланмоқда.

Маълум қиламизки, ҳозирги вақтда ушбу факт бўйича Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати маълумотларига кўра, Гено Жоржо сайёҳ сифатида Тошкентга жорий йилнинг 9 феврал куни етиб келган ва 10 феврал куни онлайн-хизматлар орқали Италия Элчихонаси вакили орқали Миробод туманида 30 кунга ижарага олган хонадонида рўйхатдан ўтган.

Гено Жоржо 10 феврал кунидан алоқага чиқмагач, унинг қариндошлари Элчихонага мурожаат қилганлар. Элчихона вакиллари 16 феврал куни Гено Жоржо истиқомат қилган хонадонга келганларида эшик қўнғироғига ҳеч ким жавоб бермаганидан сўнг хонадон эгаси Б.Ф.ни чақирганлар. Биргаликда хонадонга киришганида жасад топилган.

Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг маълумотномасига кўра, Гено Жоржо унинг жасади топилганидан бир неча кун илгари ҳаётдан кўз юмган. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд тибий экспертиза тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, Гено Жоржо Тошкент шаҳрига жорий йилнинг 9 феврал куни Малайзиядан учиб келган.

Сўров давомида хонадон эгасининг сўзларига кўра, жорий йилнинг 10 феврал куни йигит унга мазаси бўлмаётганлигини айтган, аммо шундан сўнг улар алоқага чиқишмаган.

Қўшниларнинг айтишларича, улар Б.Ф.нинг хонадонида кимдир яшашини билишмаган, чунки на шовқинни ва на кимдир кириб-чиққанини кўрмаганлар.

Италия фуқаросининг ўлими факти бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.

Манба: iibb.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг