Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тунги рейд ноқонуний балиқ овини аниқлади

Тунги рейд ноқонуний балиқ овини аниқлади

Тошкент вилояти Экология бошқармаси давлат инспекторлари томонидан ноқонуний балиқ овланишини олдини олиш мақсадида Қуйи Чирчиқ тумани ҳудудида тунги экологик назорат тадбирлари ўтказилди.

Рейд давомида туманнинг Қўрғонча МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг оқим бўйлаб чап қирғоғида электр қармоқ ёрдамида ноқонуний усулда балиқ овлаётган ҳолат аниқланди.

Давлат инспекторларининг аниқлик киритишича, ҳуқуқбузарликни Қуйи Чирчиқ тумани Қўрғонча маҳалласида яшовчи фуқаролар Ш.А. ва А.И.томонидан содир этилганлиги маълум бўлди. Ҳуқуқбузарларга тегишли нарсалар кўздан кечирилганда 1 дона электр қармоқ, 1 дона резина қайиқ, 1 дона аккумулятор ва 86 дона ҳар хил турдаги балиқлар (шундан 80 таси товон балиғи, 2 таси соғара балиғи, 4 таси оқ балиқ) ҳамда 1 дона сув каламуши (ондатура) борлиги аниқланди.

Табиатга етказилган зарар миқдори 28 628 000 сўмни ташкил этди. Фуқароларга нисбатан МЖтКнинг 90-моддаси 4-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштириб тегишли тартибда ҳужжатлар суд органларига юборилади.

Далилий ашё сифатида олиб қўйилган балиқлар давлат инспекторлари томонидан Чиноз туманида жойлашган 4-сонли мактаб интернатига топширилди, деб хабар бермоқда вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг