Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

142 нафар «чемпион» тадбиркор пайдо бўлди

142 нафар «чемпион» тадбиркор пайдо бўлди

Фото: Президент матбуот хизмати

Мамлакатимизда 5 мингдан зиёд ишчиси бор, йиллик даромади 1 триллион сўмдан ошган, камида 100 миллиард сўм солиқ тўлаётган 142 нафар «чемпион» тадбиркорлар пайдо бўлди.

Бу корхоналар энг илғор технологиялар ва янгича бошқарувни жорий этган, ўзлари арзон ресурс олиб келаяпти, кредит ва солиқни ўз вақтида тўлаяпти, муддати ўтган қарзи йўқ.

Муҳими, улар ҳар куни янгиликка интилиб, изланишдан тўхтамаяпти. Улар кўп тармоқли корпорацияга айланиб, ёндош соҳалар ривожига ҳам катта ҳисса қўшаяпти.

Президент бошқа салоҳиятли тадбиркорларни ҳам қўллаб-қувватлаб, «чемпион» тадбиркорларни кўпайтириш кераклигини таъкидлади.

Бундай тадбиркорларга ер ва бинони тўғридан-тўғри бериш, давлат корхоналарини ҳам узоқ муддатга бошқарувга топшириш, ҳарбий саноат, дронлар ишлаб чиқариш, IT ва сунъий интеллектни кенг ривожлантиришда улар билан манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкинлиги қайд этилди.

Дунёдаги 10 та энг бой компаниянинг 7 таси IT ва финтех соҳаларидан чиққан. Аҳолимизнинг 56 фоизи ёшлар. Президент таъкидлаганидек, шу рақамларни ўзи соҳада катта салоҳият, иш ўрни, юқори даромад ётганини кўрсатади.

IT, финтех, инновациялар, телекоммуникация каби соҳаларни хусусий корхоналар тез ривожлантириши, яратилган шароит туфайли қиймати 1 миллиард доллардан ошган «TBC Uzbekistan» ва «Uzum» хусусий компаниялари пайдо бўлгани бунга яққол мисол экани таъкидланди.

Бундай компаниялар кўпайиши учун янада кенг шароитлар яратилади.

Хусусан, уларга ривожланиш ва тадқиқот марказлари (R&D) учун лаборатория жиҳозлари, технологик ускуналарни божсиз олиб келишга рухсат берилади.

IT, финтех, тадбиркорликни молиялаштириш, экспорт, туризм, хизматлар, яширин иқтисодиётни қисқартириш каби долзарб масалалар бўйича Жамоатчилик кенгашида экспертлик гуруҳларини ташкил қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Охирги 3 йилда Божхона кодексининг 100 дан ортиқ моддасига ўзгартириш киритилди. Лекин унинг қоидалари ҳам Жаҳон савдо ташкилоти, ҳам тадбиркорларнинг талабига мос эмас. Шу  муносабат билан ҳар томонлама янгиланган Божхона кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг