Афғонистон GTL заводида ишлаб чиқарилган дизел маҳсулотини нега ортга қайтарди?
«Ўзбекнефтгаз» раҳбари Афғонистонга юборилган нефт ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
«Шу ўринда бир масалага тўхталиб ўтишни истар эдим, бироз вақт олдин ОАВда бир хабар кўп айланди, эмишки биз Афғонистонга юборган нефт сифатсиз бўлгани учун ортга қайтариб юборилган экан.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман – «Ўзбекнефтгаз» АЖ Афғонистонга нефт юбормаган, бу хабар нотўғри!», деди Баҳодиржон Сидиқов.
Қайд этилишича, Афғонистонга юқори сифатли дизел маҳсулоти экспорт қилинган, аммо бундай стандарт уларда йўқ экан.
«Кўришингиз ҳам мумкин, GTL заводида ишлаб чиқарилган дизел юқори сифатли бўлиб, EURO-6 стандартларига жавоб беради. Унинг кўриниши ҳам деярли сувдек, жуда тоза маҳсулот. Шу маҳсулот афғон бозорига кириб бориши керак эди, аммо улар тушунишмади ва қайтаришди. Шундай бўлса-да, бизда афғон бозорига киришга бўлган уриниш тўхтаб қолгани йўқ, бу йўналишда ишлашда давом этамиз.
Чунки афғон бозори бизга яқин, рақобатчиларимиз эса узоқдан келишади. Бу ҳам нархга таъсир ўтказади. Аслида бизнинг афғон бозорига киришимиздан манфаатдор бўлмаган томонлар бор ва уларнинг таъсир кучи эҳтимолини ҳам унутмаслигимиз керак. Биз улардан кўра яхшироқ шартлар билан Афғонистонга киряпмиз ва рақобатчиларимиз бунга қаршилик қилмоқда», таъкидлайди «Ўзбекнефтгаз» раиси.
Алоҳида таъкидланишича, Афғонистондан қайтиб келган маҳсулот ҳеч қаерга сотилгани йўқ, махсус сақлаш жойларида турибди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter