Бугун Президент тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказади

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказади ва уларнинг бир гуруҳига давлат мукофотларини топширади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклидаги илк учрашуви 2021 йил 20 августида ўтказилган эди. Ўша учрашувда Шавкат Мирзиёев бундай тадбирни ҳар йили ўтказиш ва 20 августни Тадбиркорлар куни деб эълон қилишни таклиф қилганди.
Таъкидланишича, шундан буён учрашувлар анъанавий равишда ўтказиб келинаётгани, уларда тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар муҳокама қилинаётгани ва улар билан маслаҳатлашган ҳолда қарорлар қабул қилинаётгани Президент тадбиркорлик соҳасига қаратаётган алоҳида эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлиб келмоқда.
Шу кунгача очиқ мулоқотларда тадбиркорлар томонидан билдирилган 1 мингга яқин таклиф ва ташаббуслар қонун ва қарорларда ўз аксини топди. Бугунги очиқ мулоқотга тайёргарлик давомида 26 та соҳанинг 7 мингга яқин вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. «Колл-марказ» орқали 13 мингдан зиёд мурожаат ва ташаббуслар келиб тушди.
Бугунги учрашувда Президент ушбу мурожаатларни ўрганиш асосида ишлаб чиқилган ҳамда тадбиркорлик фаолиятига янада кўп қулайлик яратишга қаратилган янги ечимларни илгари суриши кутилмоқда.
Хабарга кўра, Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter