Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жаҳон банки етакчи иқтисодчиси Стефка Славова: «Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни анча узоқ кутди»

Жаҳон банки етакчи иқтисодчиси Стефка Славова: «Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни анча узоқ кутди»

Стефка Славова: «Умид қиламизки, бу ислоҳот давом эттирилади»

Фото: «xabar.uz»

Жорий йилнинг 11 январида Халқаро пресс-клубда «Ўзбекистонда инвестицион муҳит: молиявий инфратузилмани ривожлантириш ва кредит ҳисоботларини такомиллаштириш» мавзусида сессия бўлиб ўтди. Пайтдан фойдаланиб юртимиз меҳмони, Жаҳон банкининг консультанти ва етакчи иқтисодчиси Стефка Славова билан сайтимиз учун алоҳида суҳбат қилдик.

— Стефка хоним, ташқи кузатувчи сифатида айтингчи, жаҳон банки нуқтаи назарида Ўзбекистон иқтисодиёти ва инвестиция муҳитида ечимини кутаётган қандай муаммолар мавжуд?

— Жадал ривожланаётган мамлакат сифатида Ўзбекистонда бир қатор муаммолар ҳам мавжудлиги бугун очиқ-ошкор айтилмоқда. Келинг, уларни таҳлил қилиб чиқамиз. Инвестиция муҳити билан боғлиқ муаммоларни айтадиган бўлсак, Ўзбекистон «Doing Business» индекси бўйича 74-ўринни эгаллайди. Бу баҳо узоқ йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар учун яхши, аммо бу бошқа мамлакатлар рейтинги билан солиштирганда салбий кўрсаткич. Янги президентингиз сайланганидан бошлаб жуда катта ислоҳотларни амалга ошираётганини Жаҳон банки катта қизиқиш билан кузатмоқда. Чунки Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни анча узоқ кутди.

Таъкидлаш керакки, баъзи ўзгаришлар ҳамон жуда секин кечяпти, аммо шу билан биргаликда тезлик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам мавжуд. Ўтган йил сентябридаги валюта либераллаштиришини олайлик. Очиғини айтганда, Жаҳон банки бу ислоҳот амалга ошишига ишонмаган эди. Аммо Ўзбекистон бунинг уддасидан чиқди.

— Яна қандай чора-тадбирлар иқтисодимиз ривожида муҳим ўрин тутади, деб ўйлайсиз?

— Ўйлашимча, инвестиция муҳитини яхшилаш учун мамлакатингиз эндиликда халқаро савдо, божхона ва чегара тартибини кўриб чиқиши керак. Мамлакат бой бўлиши учун сизларга савдо ва инвестиция зарур. Савдо, инвестиция ва рақобат бу учта омил ривожланишнинг учта муҳим шартидир.
Бундан ташқари, божхона тартиби, администрация, савдо жараёнини осонлаштириш булар Ўзбекистон учун ҳозирги кундаги энг долзарб муаммолардан ҳисобланади. Чунки «Doing Business» индексидан кўриш мумкинки, божхона фаолиятида ҳали ҳам бюрократия сақланиб қолган, экспорт-импорт билан шуғулланаётган хусусий корхоналар ўз фаолиятида кераксиз қоғозбозлик ва узоқ муддат чўзиладиган ҳужжатлаштириш муаммоларига дуч келмоқда. Албатта, биз бу муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорликка тайёрмиз.

Шу билан биргаликда, ижобий ўзгаришларни айтиб ўтсам — кўп турдаги импорт божлари қисқартирилди. Умид қиламизки, бу ислоҳот давом эттирилади.
Менинг фикримча, катта муаммолардан яна биттаси бу иқтисодиётдаги давлатнинг роли. Давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклаш, рақобатбардош бозорга эга бўлиш, ҳаттоки нефть ва газ, электр энергияси каби стратегик аҳамиятга эга секторлар ҳам хусусийлаштирилиши лозим. Хусусий сектор рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини ошириш инвестиция муҳитини яхшилашнинг муҳим омиллари, деб ўйлайман. Албатта, бу жараёнлар кўп вақт талаб этади. Аммо, ишонамизки, Ўзбекистон бу жараёнларни ҳам тезлик билан амалга ошира олади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг