ОКМК ҳомийлигида янги фабрика ишга тушди (фото)
Мамлакатимиз иқтисодий қудратининг юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ижтимоий соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
ОКМК ахборот хизмати хабар беришича, 16 июль куни комбинат ҳомийлигида «Эквоториал Чодак» МЧЖ билан ҳамкорликда янги тикув фабрикаси ишга туширилди.
Мазкур тикув фабрикаси Наманган вилояти, Поп тумани, Олтинкон шаҳарчасининг Чодак қишлоғида бунёд этилди.
Тикув фабрикасининг тантанали очилиш маросими бугун, 16 июль куни бўлиб ўтди. Унда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразоқов, Поп тумани ҳокимлиги ва ОКМК бошқарув раисининг ижтимоий масалалар ва ходимлар бўйича ўринбосари С.Шерматов ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган мутасаддилар ушбу тикув корхонаси ҳудудда яшовчи аҳолининг бандлигини таъминлашда, унинг инфратузилмасини ривожланишида муҳим аҳамият касб этишини ва янги иш ўрни яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бундан кейин ҳам давом эттирилишини таъкидлашди.
Тадбир давомида рамзий лента қирқилиб, тикув фабрикаси расман ўз фаолиятини бошлади.
Ушбу корхонанинг ташкил этилишида Олмалиқ кон металлургия комбинати томонидан 468.9 минг долларлик молиявий кўмак кўрсатилди. Корхонага Туркия ва Япония давлатларининг энг илғор ускуна жиҳозлари келтирилган.
Эътиборли жиҳати, шу куннинг ўзида «Эквоториал Чодак» МЧЖ ҳамда ишчи-ходимлар ўртасида шартнома имзолаш маросими ҳам ўтказилди.
Эндиликда Чодак қишлоғида яшовчи 250 нафар аёл иш билан таъминланди.
Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 500100 дона жинси шим ва бошқа кийимлар бўлган бу корхона маҳсулотлари Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси ва қўшни давлатларга экспорт қилиниши кўзда тутилган.
Тадбир давомида иштирокчилар фабрика фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter