«Микрокредитбанк»: Мингбулоқдаги муаммолар бартараф этилмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда бугун туб ўзгаришлар ва янгиланишлар олиб борилиб, одамлар розилиги учун ҳаракат қилинмоқда. Айниқса, таҳлил ва ўрганишларнинг энг қуйи тизимлардан бошлангани, барча даражадаги раҳбарларнинг маҳалла ва хонадонбай ишлаши мавжуд муаммоларни яқинроқ ўрганиб, жойида ҳал қилиш ва фуқаролар турмуш тарзини яхшилашга қаратилган ўта муҳим ташаббус бўлди.
Айни шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки ҳам республика миқёсида барча ҳудудлар кесимида туман ва маҳаллаларга бириктирилган бўлиб, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида аниқ манзилли ишларни олиб бормоқда.
Жумладан, банк томонидан Наманган вилояти Мингбулоқ туманидаги маҳаллаларда ободонлаштириш, аҳоли муаммоларини бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу тумандаги жами 40 та маҳаллани ўрганиш натижаларига кўра, мавжуд ҳолатни яхшилаш учун йўл харитаси ишлаб чиқилди. Унга 55 км ичимлик суви тармоғини ўтказиш, 200 км ички йўлга шағал ётқизиш, 11 та янги трансфарматор ўрнатиш ва 47 тасини таъмирлаш, 377 та «Темир дафтар»га киритилган ёшларга 697 гектар ер ажратиш киритилди.
Қайд этиш лозимки, «Микрокредитбанк» томонидан туман иқтисодий ҳолатини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар бажарилмоқда. Кам таъминланган, ўта муҳтож оилаларни турмуш шароитини яхшилаш бўйича банк томонидан жами 467,8 млн. сўм ҳомийлик ёрдами курсатилди. Шунингдек, февраль ойининг ўзида 156 та аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига жами 5,2 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди, шундан 1,2 млрд. сўми Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилди. Жумладан, «Меҳнатобод» маҳалласида «Медлайн» МЧЖнинг лойиҳаси тўхтаб қолганлиги сабабли, унга замонавий тиббиёт ускуналари харид қилиши учун 3,5 млрд. сўм кредит ажратиш ҳисобига 30 нафар ишчи ўрнига эга тадбиркорлик субъекти фаолиятини бошлади.
Маҳаллалар ихтисослашуви бўйича 6 та йўналишда драйверлар аниқланди.
«Ёшлик» МФЙ ва қўшни «Фаровон» ва «Толлик» МФЙлар аҳолиси чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, ушбу маҳаллаларда 200 та хонадон чорвачиликка кооперация асосида бириктирилди. «Нозим милк» МЧЖга сутни қайта ишлаш ускунаси сотиб олиш учун 1 млрд. сўм банк кредити ажратилди.
«Чордана» МФЙда иссиқхона фаолияти билан шуғулланаётган «Бест Лочин Агрофирма» МЧЖ билан биргаликда ушбу маҳалладаги 50 та хонадонларда кичик иссиқхоналар ташкил этиб, сабзавот маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштирилди.
Умуман олганда, ҳозиргача тумандаги 22 324 та хонадоннинг қарийб 35 фоизи ёки 7800 та хонадон вакиллари билан учрашган ҳолда уларнинг муаммо ва мавжуд имкониятлари хатловдан ўтказилди. Тумандаги 2 258 та тадбиркорлик субъектларининг 23 фоизи ёки 524 нафари тадбиркорлик субъектлари билан учрашган ҳолда уларнинг муаммо ва мавжуд имкониятлари ўрганилди ҳамда ечимини топмоқда.
Тумандаги ёшлар масалалари ҳам алоҳида эътибор марказида бўлиб, 2 214 нафар ёшларга 25 сотихдан жами 554 га ер майдони ажратилди. Бундан ташқари, тумандаги ёшлар билан ўтказилган учрашувларда 81 нафар ёшлар кредит маблағлари эвазига тадбиркорлик фаолиятни йўлга қўйиш истагини билдирган. Уларни тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш мақсадида Жумашуй мелиорация қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи биносида «Тадбиркорликка ўқитиш маркази» ташкил қилинди.
Ушбу мақсадлар учун тумандаги ёшларга жорий йилда 15,3 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.
Туманда ободонлаштириш ва бошқа йўналишлар бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Банк ахборот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter