Ўзбекистон Хитойдаги марказ билан 1 млрд долларлик лойиҳалар ишлаб чиқмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқаро коммуникация маркази раиси Лонг Юйсянни қабул қилди.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Марказ мамлакатимизнинг Хитой билан кўп қиррали ҳамкорлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшаётгани қайд этилди.
Биргаликда инфратузилмани ривожлантириш, инвестициялар ва "яшил" саноатда қатор лойиҳалар амалга оширилди. Геология ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Таълим, фан, маданият ва туризм соҳаларидаги фаол алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
1984 йилда ташкил этилган марказ дунёнинг 160 дан ортиқ мамлакати билан маданий, илмий ва маърифий алоқалар ўрнатган. Учта халқаро ваколатхонаси мавжуд.
Президент Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраевни қабул қилди.
Учрашув аввалида олий мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг самимий саломини етказди. Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини, шу жумладан, энергетика соҳасида янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Икки томонлама муносабатлар юқори суръатда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 17 фоизга ошиб, юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Электр энергияси барқарор етказиб берилмоқда ва транзит қилинмоқда, “яшил” энергетикада истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистон етакчиси сув энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, минтақавий аҳамиятга молик қўшма лойиҳаларни, энг аввало, “Қамбар-ота ГЭС-1”ни қуриш лойиҳасини самарали илгари суриш муҳим эканини таъкидлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter