Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни: ҳамкорликда кўп миллиардлик лойиҳалар амалга оширилмоқда

Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни: ҳамкорликда кўп миллиардлик лойиҳалар амалга оширилмоқда

Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонга киритилган Германия инвестицияларининг умумий ҳажми қарийб 2 миллиард еврони ташкил этди. Айни пайтда олмон ҳамкорлар билан биргаликда қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган 100 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда Тошкентда 14 сентябрь куни бўлиб ўтган Германия иқтисодиёти куни тадбирида маълумот берилди.

Ушбу муҳим ҳодиса муносабати билан Германия савдо-саноат палатаси ташқи савдо бўйича бош ижрочи директори Фолькер Трайер бошчилигидаги делегация юртимизга келди.

Ўзбекистон савдо-саноат палатаси хабарига кўра, Германия иқтисодиёти куни доирасида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда саноат кооперациясини ривожлантиришга доир бир қатор тадбирлар ташкил этилди.

Икки томонлама ҳамкорлик масалалари ва истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинган давра суҳбатида Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Обидов, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Жамшид Ўроқов, Германия савдо-саноат палатаси ташқи савдо бўйича бош ижрочи директори Фолькер Трайер, Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш федерал вазирлиги бошқарма бошлиғи Ҳерлинд Ҳекман, Ўзбекистон Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори Мурод Мирзаев ва Германиянинг юртимиздаги элчиси Тило Клиннер маъруза қилган.

Спикерлар Германия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги стратегик ҳамкори эканини таъкидлаб, янги истиқболли ташаббусларни илгари суриш орқали ҳамкорлик самарадорлигини ошириш зарурлигига эътибор қаратдилар.

Германия иқтисодиёти куни доирасида ўтказилган конференцияда эса икки давлат бизнес ҳамжамиятининг 300 дан зиёд вакили жам бўлди.

Маълумотларга қараганда, сўнгги 6 йил ичида Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони қарийб 3 баробар ўсди ва бугунги кунда бу кўрсаткич 200 тага этди. Жорий йилнинг 6 ойи давомида 17 та қўшма корхона ишга туширилди.

Жорий йил январь ойида Германия Ўзбекистонга импорт борасида Россия ва Хитойдан ҳам ўзиб кетди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил март ойида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Германияга ташриф буюрган эди. Ташриф доирасида Ўзбекистон иқтисодиёти куни ўтказилган.

Президент Шавкат Мирзиёев май ойида Германияга сафари давомида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари, молиявий институтлари раҳбарлари ва йирик тадбиркорлари билан учрашган эди. Учрашувда олмон компаниялари раҳбарлари аниқ таклифларни айтганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг