Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент иккита қарорни имзолади

Президент иккита қарорни имзолади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май куни карантин шароитини янада енгиллаштириш ва иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар қилгандик.

Унда икки қарор қабул қилингани маълум қилинди.

Корхоналар барқарор ишлаб кетиши учун уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги  қарори қабул қилинди.

Унга кўра:

- тўқимачилик корхоналари ва кластерларини янада қўллаб-қувватлаш, маҳсулот рақобатдошлигини ошириш мақсадида хомашё нархини 10 фоизгача пасайтириш имкониятини берувчи халқаро биржа нархларига ўтилади;

- 1 апрелга қадар ички бозорда сотилган пахта толаси учун якуний тўлов муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилди;

- тўқимачилик корхоналари экспорт қилган маҳсулот республикадан чиқиб кетиши билан қўшилган қиймат солиғи тўлиқ қайтарилади;

- соҳа учун муҳим бўлган 64 турдаги хомашё ва материаллар божхона божидан озод қилинди.

Шунингдек, тайёр маҳсулот экспортини кескин кўпайтириш, йирик, камида 1 мингта одам ишлайдиган, халқаро бренд остида ишлаб чиқарувчи замонавий йирик тўқимачилик ва тикув кластерларини барпо этиш кўзда тутилмоқда.

Президентнинг «Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинди.

Унга мувофиқ, ташиш харажатлари учун субсидия бериладиган маҳсулот турлари ҳозирги 52 тадан 86 тагача кўпайтирилди. Бу рўйхатга 32 турдаги сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳамда ҳўл, музлатилган ва консерваланган мевалар қўшилди.

Ушбу транспорт харажатини субсидиялаш механизмидан 2 мингдан зиёд экспортёр корхоналар фойдаланиши имконияти яратилмоқда ва бунга бюджетдан 360 миллиард сўм йўналтирилади.

– Бундай чоралардан мақсад – корхоналар фаолиятини тез тиклаш, экспорт ҳажмини барқарор ошириш, янги иш ўринларини ташкил қилиш учун катта имконият яратиш. Шу сабабли барча даражадаги раҳбарлар доимий равишда ҳар бир туман ва маҳаллада янгича ғоя ҳамда ташаббусларни жорий этиб, оддий халқ ёки камбағалнинг ҳаётини яхшилаш, уларни банд қилиш ва даромадини ошириш масалалари билан устувор даражада шуғулланиши керак, – деди давлатимиз раҳбари ўтказилган йиғилишда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг