Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қорақалпоғистонда олтита янги корхона ишга туширилди

Қорақалпоғистонда олтита янги корхона ишга туширилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.

Беруний туманидаги «Беруний буғдой кластер» ҳамда «Райҳон аппарел», Қораўзак туманидаги «Қорақалпоқ цемент» заводининг 3-босқичи, Қўнғирот туманидаги «ККРаси кемикал», Нукус шаҳридаги «Азимут ҳотел», Тўрткўл туманидаги «Хозагро» вакиллари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди. Бу корхоналарда жами 1 минг 100 та доимий иш ўрни яратилади, улар орқали ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга 20 миллион доллар қўшилади.

Бу Қорақалпоғистон Республикасидаги ривожланишнинг изчил давоми аслида. Сўнгги олти йилда ҳудудда 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилган. Тадбиркорлар сони 2 баравар кўпайиб, 46 мингта доимий иш ўрни яратилган. Илгари саноати энг паст бўлган 6 та туманда ишлаб чиқариш 2-3 баравар ошиб, Қорақалпоғистондаги улуши 12 фоизга етган.

Умуман, бу даврда Қорақалпоғистонда саноат 1,3 баравар ўсиб, 61 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Айниқса, кимё, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, текстиль ва тўқимачилик, фармацевтика саноати маҳсулотлари тайёрлаш 2 баравардан зиёд ўсган.

Ўтган йил 31 августда давлатимиз раҳбарининг «Қорақалпоғистон Реcпубликасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва катта дастур қабул қилинган эди. Булар билан 2023 йилнинг ўзида 670 миллиард сўм ва 340 миллион доллар маблағлар ажратилди.

Тадбиркорларга жозибадор бизнес муҳитини яратиш мақсадида фойда, айланмадан солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари 2 баравар пасайтирилди, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланди. Бу орқали Қорақалпоғистоннинг барча тадбиркорлари ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм қолаяпти.

Фақат ушбу ҳудуд тадбиркорларига тижорат кредитларининг 75 фоизига Тадбиркорлик жамғармаси кафиллиги берилиши белгиланди. Бундай имкониятлар соҳалар ривожига қўшимча туртки берди.

– Биз битта эл ва битта юртмиз! Ҳамма вилоятлар Қорақалпоғистонни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Ҳар бир туманга вазирлар, вилоят ҳокимлари, идора ва банклар раҳбарлари бириктирилган. Бунинг натижалари барча туманларда кўринаяпти ва бу ишлар тўхтамайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг