Тадбиркорлар фаолиятини текширишлар сони камайган — Бизнес-омбудсман (видео)
Бугун, 21 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бизнес-омбудсман томонидан 2023 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ва давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик ишлари тўғрисида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларидан келиб чиқиб, соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш кўплаб ижтимоий муаммоларга ечим бўлиб хизмат қилади.
Тадбиркорлар фаолияти давомида 2023 йилнинг январ-июн ойлари давомида амалга оширилган текширувлар сони 2022 йилнинг шу даври билан солиштирилганда 34 865 тага камайгани кузатилди.
Маълумот учун, 2022 йил январ-июн ойларида тадбиркорлар фаолиятида жами 89 064 та текширув ўтказилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 54 199 тани ташкил қилган.
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, Бизнес-омбудсман девонида «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот порталида очиқ мурожаатларни қабул қилиш, умумлаштириш ва назорат қилиш имконини берувчи алоҳида бўлим яратилган, бундан ташқари, 1100 қисқа рақами орқали мурожаатларни қабул қилувчи Call марказ фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Айтиш жоизки, 2023 йилнинг 20 июлидан 18 августга қадар жами 2 549 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, 1 039 таси Cаll-марказ орқали, 418 таси «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот портали орқали ва 1 092 таси эса сайёр қабуллар орқали қабул қилинган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 27 фоизи банк-кредит, 14 фоизи инфратузилма, 13 фоизи ер, бино ва иншоот ажратиш, 7 фоизи солиқ, 4 фоизи мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, 3 фоизи суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижроси ҳамда 32 фоизи бошқа масалаларга оид.
Энг кўп мурожаат келиб тушган ҳудудлар: Қашқадарё вилояти — 425 та, Қорақалпоғистон Республикаси — 330 та, Сурхондарё вилояти — 253 та, Тошкент шаҳри — 251 та, Самарқанд вилояти — 239 та.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter