Тадбиркорлар уйи, Сўх ва нефтни қайта ишлаш заводи — Ҳоким батафсил маълумот берди
Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 2020 йилда амалга оширилган ишлар якуни ва 2021 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича мурожаат билан чиқиш қилди. Мурожаатдан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида
Фарғонада 2020 йилнинг 9 ой якуни билан деярли барча соҳаларда иқтисодий ўсишга эришилди. Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан
101,4 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 100,4 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 103,1 фоизга, қурилиш ишлари
100,4 фоизга ўсди.
Пандемия бўлмаганда бу рақамлар икки-уч баробар кўп бўлиши мумкин эди. Аммо шунда ҳам шукр қилиш керак, иқтисодимиз ўсишда давом этмоқда. Президент белгилаб берган чора-тадбирлар ижросини таъминлай олганимиз туфайли шундай натижага эриша олдик.
Пандемия қачон якунланиши ҳали номаълум, ҳамма ҳар-хил тахмин билдирмоқда. Аммо бир нарса аниқ — бир дақиқа ҳам бўшашишга ҳаққимиз йўқ.
Мурожаатлар ҳақида
Ўзбекистон тарихида илк марта ҳокимлар халққа мурожаат қилмоқда. Ҳар бир шаҳар, туман ва вилоят ҳокимлари бу мурожаат орқали жуда катта вазифани елкамизга олмоқдамиз.
Бизнинг энг асосий вазифамиз — тадбиркорликни ривожлантириш бўлиб қолиши лозим. Иқтисодиётимизнинг устуни айнан шунда ва тадбиркорлик ривожланса барча муаммоларимиз ҳал бўлади. Биз тадбиркорни сизлаб, унга хизмат қилишимиз лозим. Пандемия вақтида ҳам бизни оғир вазиятдан тадбиркорлар олиб чиқиб кетди. Шахсан ўзим 5 миллиард сўм эҳсон қилган тадбиркорни ўз кўзим билан кўрганман.
Тадбиркорнинг катта кичиги бўлмайди. Битта иш ўрни яратса ҳам унга раҳмат айтиб, қўллаб-қувватлаш керак. «Тома тома кўл бўлур», дейилган. Бир кун келиб ўша кичик тадбиркор катта бўлади.
Сўх тумани ҳақида
Фарғона вилояти, Сўх туманида ўнга яқин фойдали қазилма бойликлари аниқланди. Энди уларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун инвестиция масаласини ўйламоқдамиз. Насиб қилса яқин вақтларда туманга йўл очиш масаласи ҳам ҳал бўлади. Яқинда Қирғизистондан делегация келди, улар билан яхши мавзуларда гаплашдик. Сўхга сармоя киритаман, деган инвесторлар бор, аммо туман анклав ҳудуд экани сал муаммо бўлиб турибди. Аслида тадбиркорлар Сўхнинг ўзидан чиқса яхши бўларди. Биз бу тадбиркорни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Янги лойиҳалар
Бизда бир ёмон одат бор — бирор лойиҳа бошласак, раҳбар сал назоратни бўшаштирса, ташлаб қўямиз. Янги топшириқ билан андармон бўлиб қоламиз. Аммо ҳар бир қарор ўзимизнинг фойдамиз учун чиқарилади. Биз ҳисобот эмас, натижа учун ишлашимиз лозим.
Ҳеч бир тадбиркор пулини қайтариб олишига кўзи етмаса, пул сармоя тикмайди. Биз келаси йилда 500 миллион доллар хориж инвестициясини жалб этишни кўзлаб турибмиз. Бу маблағ 122 та лойиҳага йўналтирилади. Бу шунчаки ҳаводан олинган рақам эмас, реал ҳамкорлар бор ва лойиҳалар қўлимизда турибди. Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат туфайли Ўзбекистон иқтисодига бўлган ишонч мавжуд.
Нефтни қайта ишлаш заводи ҳақида
Бир вақтлар Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи вилоят иқтисодиётининг устуни эди. Аммо бугунги аҳвол қониқарли эмас. Кўп йиллар олдин корхонада 15 минг одам ишлаб, вилоят бюджетининг 50-55 фоизини берарди. Ҳозирда завод 30 фоиз қуватда ишламоқда холос, ишчилар сони 7,5 мингга тушиб қолган, тўлаётган солиқ умумий тушумда 15-16 фоизни ташкил этади.
Шуни инобатга олган ҳолда, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида 2021 йилдан модернизация бошланади ва 2022 йил якуни билан рақобатбардош замонавий корхона ташкил этилади.
Модернизация жараёнида бўшайдиган ер майдонлари ва бинолар ўрнида «Қиргули» саноат зонаси ташкил этилади ва бу ҳудудда замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этамиз.
ЎзСаламан фабрикаси ҳақида
Фарғона шаҳридаги «ЎзСаламан» АЖ қўшма корхонаси бир вақтлар бренд сифатида машҳур эди. Аммо ҳозир мавжуд ишлаб чиқариш қувватининг 50 фоизидан фойдаланмоқда. Бино-иншоотларнинг ярми бўш турибди. Мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, корхонани модернизация қилиш орқали ишлаб чиқариш ҳажми ва ишловчилар сонини 2 баробарга ошириш чоралари кўрилади.
Маълумот учун: 1995 йилгача собиқ «Фарғонаобув» корхонаси бўлган. Бу ерда қарийиб мингга яқин ишчилар ишлаган. Ҳозирги кунда «ЎзСаламан» АЖ ҚКни 4 қаватли ишлаб чиқариш биносини 3-4 қаватлари бўш турибди. 168 та ишчилар ишламоқда. (яна 400 та иш ўрни қилиш мумкин)
Вилоят ҳокимининг мурожаатидан сўнг матбуот анжумани бўлиб ўтди ва унда Хайрулло Бозоров барча саволларга жавоб қайтарди.
— Марғилонда сув-оқова тизими анча эскирган. Шу соҳани давлат хусусий шериклиги асосида берса бўлмайдими?
— Давлат хусусий шериклиги — тайёр ишлаб турган соҳани тадбиркорга бериш керак, дегани эмас. Агар Марғилон шаҳар канализациясини шерикликка оламан, бунинг учун пул тикаман, янги линиялар тортаман, деб чиқадиган тадбиркорлар бўлса, бажонидил розимиз. Президент топшириғига кўра 2025 йилгача бирорта ҳам сув етиб бормаган ҳудуд қолмаслиги керак. Мана шу вазифа доирасида канализация етиб бормаган бирорта туман ҳам қолмаслиги лозим. Давлат ҳозир жуда катта қарз олиб шу ишни амалга оширмоқда. Агар хусусий тадбиркор шу соҳага тикса, биз фақат хурсанд бўламиз.
— Куни кеча Президент сувни тежовчи технологиялар жорий этишни янада жадаллаштириш бўйича қарор қабул қилди. Унга кўра 2021 йилнинг ўзида 430 минг гектар ерга янги технология жорий этиш талаби қўйилган. Вилоятингиз бу талабни бажаришга тайёрми?
— Фарғона вилояти келаси йилнинг ўзида 50 минг гектар ерга сувни тежовчи технологияларни жорий этишни мақсад қилган. Шундан 21,7 минг гектари томчилатиб суғориш, 10 минг гектар қайирма усулда ва яна 2,7 минг гектари ёмғирлатиб суғоришга қаратилган. Шунингдек яна 18 минг гектар ерни лазер усулида текислаш мақсад қилинган. Сувни тежовчи технологияларни жорий этиш Ўзбекистон шароитида ҳаётий заруриятга айланган. Ҳозир қиш, биз эса сув омборида етарлича сув йиғилишини Худодан сўраб турибмиз. Ўзи ўтган йили ҳам сув кам йиғилган эди, бу йил эса ўша кўрсаткичдан ҳам 2,5 миллиард кубга камроқ. Шундай экан, сувни тежаб ишлатмасак қишлоқ хўжалигини юритишнинг имкони қолмайди. Биз Президент қарорини бажаришга тайёрмиз.
— Ўзбекистонда 4,4 миллион гектар ҳайдаб, суғориладиган ер бор. Бу ерда аҳолининг ишга яроқли қисмининг 44 фоизи меҳнат қилади. Аммо мамлакатда ишлаб чиқарилаётган ялпи ички маҳсулотнинг фақат 18 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Демак хулоса қилиш мумкинки, қишлоқ хўжалиги маданияти Ўзбекистонда умуман ривожланмаган. Шу ҳақда нима дея оласиз?
— Биз деҳқончиликка илмни жорий этишда анча ортда қолдик. Оддий мисол — қишлоқ хўжалигида биз ишлатаётган техника қачон ишлаб чиқилган? Масалан, пахта экадиган мосламалар ўтган асрнинг 60-йилларида ишлаб чиқилган. Ўша техника билан бир гектар ерга 60 килограммлаб уруғ солинади. Ҳозир шунақа технологиялар чиққанки, гектарига сарфланадиган уруғлик 18 килограммдан ошмайди. Яна култиваторларни олайлик, ёки бошқа техникани — ҳаммаси эскирган. Биз энди қишлоқ хўжалиги техникаларига эътибор қарата бошладик. Бу борада Туркия, Хитой ва бошқа етакчи давлатлар тажрибасига таянмоқдамиз. Хитойда гектарига 60 центнердан кам ҳосил берадиган пахтадан воз кечилар экан. Биз эса ҳосилдорликни энди 31 центнерга чиқара олдик. Фақат илмий ютуқлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалигини кўтара олишимиз мумкин.
— Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида пахта ва ғалла яккаҳокимлиги юзага келган. Нима учун бошқа экинларга эътибор қаратмаймиз?
— Аслида пахта етиштириш жуда фойдали соҳа ҳисобланади. Териб олгунга қадар катта иш кучи ҳам шарт эмас. Хитойда кўргандим, 200 гектар ерда 2 киши ишлар экан ҳолос. Пахтадан воз кечиш керак эмас, балки уни етиштиришни ривожлантириш лозим. Бир килограмм ҳам пахта етиштирмайдиган Бангладеш 35 миллиард долларлик трикотаж маҳсулотларини экспорт қилади. Бизнинг қандай кам жойимиз бор? Тўғри, илгари турли санкциялар туфайли фақат толани экспорт қилардик ва 1 миллиард долларга сотардик, ҳолос. Ҳозир Президентимиз ташкил этган иш услуби туфайли вазият яхши томонга ўзгармоқда. Биз пахтани бешта циклда қайта ишлашга ўтмоқдамиз. Бу орқали экспортни 10 миллиард долларга кўтаришимиз мумкин.
— Вилоятда Тадбиркорлик уйлари қурилган. Шунинг бир жиҳатига эътибор қаратдик — шароитларга қарамасдан, тадбиркорлар жуда камчиликни ташкил этмоқда. Бинолардан унумли фойдаланиш учун нима қилиш керак?
— Тадбиркорлик уйларини қурганимизга 2 ой бўлди. Бугун тадбиркорликни қўллаб қувватлаш бўйича вилоят ҳокимлиги тизимида иккита штат бор. Савдо саноат палатасида 18 киши ишлайди. Бизнес омбудсманда 5 киши, Бош вазир қабулхонасида яна 3 киши фаолият олиб боради. Яна бир агентликда 14 киши бор. Тадбиркорга ёрдам бериш учун давлатдан маош олиб ишлайдиган 28 ходим бор, яна менинг ўринбосаримни ҳам ҳисобласак — 29 киши. Аммо улар ўтирадиган бино турли жойларда жойлашганди. Тадбиркор битта масалани ҳал қилиш учун шаҳарни айланиб чиқиши керак эди. Биз ҳамма хизматчиларни бир жойга йиғишга қарор қилдик. Ҳокимлик томонидан 900 миллион пул сўм ажратилди, янги техника олиб берамиз, лойиҳалар фабрикаси ташкил этамиз. Ҳокимга тўғридан-тўғри ёзадиган платформалар ташкил қилганмиз. Тадбиркорлар уйи телевидениеда реклама қилинмоқда. Икки ойда мурожаат қилганлар сони икки мингдан ошиб кетди.Тадбиркор қачон ҳокимликка ишонади, қачонки масала ҳал бўлса. Акс ҳолда у ишонмайди. Ҳозир тадбиркорлар мурожаатини ечиб беришни 59 фоизга чиқардик. Агар ҳамма мутасаддилар бир жойда бўлса, ечим топиш осон бўлади. Боз устига ҳар ҳафта душанба куни ҳоким қабули ҳам бўлади. Ҳар душанба 30 дан 50 нафаргача тадбиркорни қабул қиляпман. Қайсидир сабабга кўра сўрови қондирилмаган тадбиркорга ҳам бошқа таклиф бермоқдамиз. Ишонинг, Тадбиркорлар уйи тез орада самара беради. Агар тадбиркорнинг иши ҳал қилиб берилса, одамлар ёпирилиб келади.
Маълумот учун: Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк маротаба ҳокимлар кенг жамоатчиликка 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мурожаатнома билан чиқишлар қилмоқда. Xabar.uz ахборот таҳлилий портали ушбу мурожаатларда кўрсатилган ишлар кўламини ўрганишда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter