Тўқаев яшил коридор ташаббусини илгари сурди

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг молиявий саммити доимий платформага айлантирилиши керак. Ушбу таклиф Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан мазкур тузилманинг бугун, 13 октябрь куни Остонада бошланган саммитида илгари сурилди.
«Молиявий саммит мақомининг ўзгариши иқтисодиётни тиклаш, барқарор ва ҳар томонлама тараққиёт, шунингдек, Кенгаш доирасида ҳудудий ва минтақавий молиявий ҳамкорлик учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилади», – деди Қ.Тўқаев.
Қайд этилишича, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш доирасида Шанхай, Дубай ва Остона шаҳарларида йирик молиявий марказлар фаолият юритмоқда. Ҳозирги вазият улар салоҳиятидан тўлақонли фойдаланишни талаб этмоқда.
Қ.Тўқаев Кенгаш озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади.
«Осиё дунё қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг учдан икки қисмини ишлаб чиқаради. Аммо бу соҳада ҳамон заиф ҳолатда қолмоқда. Биз маҳсулотларни баҳолаш тизимини миллий стандартларга мослаштириш бўйича муштарак ёндашувларни ишлаб чиқишимиз, шунингдек, бу турдаги маҳсулотлар учун ОҲИЧК давлатлари ўртасида яшил коридор ташкил этишимиз керак», – деди Қозоғистон раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида ўндан зиёд давлат раҳбари қаторида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этмоқда. Олий даражадаги тадбирда Ш.Мирзиёевнинг нутқи сўзлаши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter