Туркий кенгашга аъзо давлатлар транспорт вазирлари видеоконференция шаклида йиғилиш ўтказди
Бугун, 30 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар ва Венгрия транспорт вазирлари видеоконференция алоқа шаклида йиғилиш ўтказди.
Мажлис Озарбайжон транспорт, алоқа ва юқори технологиялар вазири Рамин Гулузода, Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев, Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Адил Караисмаилоғлу, Қозоғистон саноат ва инфратузилмавий ривожланиш вазири Бейбут Атамкулов, Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов, Венгрия Инновация ва технологиялар вазирлигидаги транспорт сиёсати бўйича давлат вазири Ласло Мосочининг онлайн мулоқоти билан бошланди. Музокараларда Туркий кенгаш бош котиби Бағдат Амреев ҳам иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашнинг 10 апрел куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари видео-саммитида пандемия сабаб юзага келган ҳозирги ғоят мураккаб шароитда қардош халқларимизни зарур маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида транспорт воситаларининг ўзаро ҳаракатланишига амалий ёрдам кўрсатиш зарурлигини қайд этган эди. Давлатимиз раҳбари бу каби мақсадларни амалга оширишда транспорт вазирларидан иборат Ишчи гуруҳини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.
Қисқа фурсатларда Туркий кенгаш Котибияти билан ҳамкорликда ушбу видеоконференцияни ташкил қилиш масалалари ишлаб чиқилди.
Томонлар бирламчи зарур маҳсулотлар ҳисобланган озиқ-овқат ва мева-сабзавот, дори-дармон, тиббиёт воситалар ва асбоб-ускуналарнинг мамлакатлараро узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш, COVID-19 пандемияси даврида Транскаспий йўлаги орқали юк етказиб бериш занжирининг узилишларсиз фаолият юритишини ташкил қилиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Мулоқот доирасида транспортнинг барча турларида ўзаро амалиётларни бажаришнинг жорий ҳолати, коронавирус эпидемиясига қарши курашиш мақсадида қабул қилинган миллий қарорлар сабабли юк ташиш соҳасида кузатилаётган муаммоларга ечим топиш йўллари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдан ташқари видео-саммитида транспорт алоқалари, транзит, чегаралар орқали юк ташишда мувофиқлашган фаолиятни ташкил қилиш йўналишида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни амалиётга жорий қилиш бўйича томонлар фикрлари тингланди.
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Элёр Ғаниев пандемия шароитида темир йўл транспортида юк ташишни янада фаоллаштиришнинг мақсадга мувофиқ эканини қайд этди. Юкларни ташиш бўйича дастлабки маълумот алмашиш билан боғлиқ муаммоларни тезкор ҳал этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш учун вазирликлар иштирокида қўшма ишчи гуруҳ тузиш таклифини илгари сурди. Шунингдек, мамлакатларимизда пандемия билан боғлиқ турли вазият ҳукм сураётганини инобатга олган ҳолда, ташқи савдода бевосита алоқага киришишнинг олдини олувчи ўзаро уйғун юк ташишларни амалга ошириш зарурлигини билдирди.
– Ушбу мақсадлар учун Марказий Осиё – Кавказ – Европа мультимодал транспорт йўлагидан биргаликда фойдаланишни фаоллаштириш керак, – деди Э.Ғаниев. – Бунда Туркия томонининг ҳам ушбу жараёнда иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга.
Пандемия пайтида Транскаспий йўлаги орқали маҳсулот етказиб беришда чеклов ва тўсқинликсиз ҳаракатланишни таъминлаш учун зарур бўлган амалий чоралар муҳокама қилинди.
Хусусан, квоталар, транзит божлари, ҳайдовчилик визаларини тақдим этиш орқали томонларнинг ўзаро ёрдам кўрсатиш имкониятлари, Каспий денгизи орқали (Ro-Ro йўналиши) юк ташиш нархларида чегирмалар бериш, зарур ҳолларда қўшимча (икки томонлама/транзит) рухсатномаларини тақдим этиш ва ўзаро келишув асосида транзит учун тўловларни бекор қилиш жараёни кўриб чиқилди.
Шунингдек, гуманитар юклар, асосий истеъмол товарлари, дори-дармон ва тиббий асбоб-ускуналарни етказиб бериш бўйича юк ташиш транспорт воситаларининг чегара ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишига кўмаклашиш ҳамда соҳада пайдо бўлган муаммолар тўғрисида маълумот алмашилди.
Давлат раҳбарларининг 2019 йил 15 октябрь куни Боку шаҳрида бўлиб ўтган кенгаш саммити якунлари бўйича эришган келишувлари ижроси ва транспорт-логистика ишини самарали мувофиқлаштириш бўйича Туркий кенгаш Котибияти олиб борган амалий қадамлар ўрганилди.
Тадбир сўнгида пандемиядан сўнг ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаш имконини берувчи таклифлар ишлаб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, ташкилот доирасида транспорт вазирларининг жорий илк йиғилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдан ташқари саммитида илгари сурган таклифи асосида ўтказилган иккинчи муҳим видеоанжумандир. Бундан олдин Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирлари ҳам видеоконференция шаклида мулоқот қилиб, пандемия шароитида ўзаро мувофиқ фаолият юритиш масалалари ҳақида маслаҳатлашувлар олиб боришган эди.
Манба: «Дунё» АА
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter